Ўзбекистонда халқаро тижорат учун қулай ҳуқуқий тизим яратиш, хусусан, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлишини таъминлаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини тезлаштириш ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 2 июнда “Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шу асосда Адлия вазирлигида Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бошқармаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларда ЖСТ масалалари бўйича таркибий бўлинмалар ташкил этилди.

Адлия вазирлигида ташкил этилган мазкур бошқармага миллий қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш ҳамда вазирлик ва идоралар томонидан мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларни мониторинг ва таҳлил қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Таъкидлаш лозимки, миллий қонунчиликни ЖСТ битимлари ва қоидаларига уйғунлаштириш ЖСТга аъзолик масалаларини жадаллаштиришнинг асосий элементи ҳисобланади.

Шунга мувофиқ, Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия йиғилиши томонидан Қонунчиликни мослаштириш бўйича янгиланган иш режаси (Updated LAP) тасдиқланди ва 46 чора-тадбирни ўз ичига олган ушбу ҳужжат ЖСТ Котибиятига белгиланган тартибда тақдим этилди.

Мазкур режа ва Президент қарори ижросини таъминлаш ҳамда истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида Адлия вазирлигида масъул давлат органлари иштирокида йиғилиш ташкил этилди.

Тадбирда Қонунчиликни ЖСТ битимларига мослаштириш бўйича янгиланган иш режасининг ҳар бир банди бўйича вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилган ишлар батафсил таҳлил қилинди ва уларни амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА