Ҳуқуқий муносабат
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ, ота-она вояга этмаган болаларини таъминлаб туриши шарт. Бу борада, алимент ундириш хусусида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов қуйидагиларни гапириб берди.
–Вояга этмаган болаларини таъминлаб туриш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.
Шунингдек, вояга этмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари вояга этмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир.
Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги низо судда ҳал этилгунга қадар алимент ундирилиши мумкин. Боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасида ота (она) деб ёзилган шахсдан алимент ундириш тўғрисидаги низо узил-кесил ҳал этилгунга қадар судья шу низо бўйича ундан белгиланган миқдорда вақтинча алимент ундириш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Агар вояга этмаган болаларини таъминлаб туриш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми, икки бола учун — учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Айни пайтда чет элда истиқомат қилаётган шахс тўлаши лозим бўлган алимент унинг қариндошлари томонидан амалга оширилади. Оила кодексининг 123-моддасига биноан ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларини таъминлаб туриш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин.
Гулноза Бобоева, ЎзА