Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.
Қайд этилганидек, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида сервитут шартлари, сервитут белгиланган ер участкасини бўлиш, шу мақсаддаги ер участкасидаги қурилмаларни сақлаш қоидаларини белгилаш кўзда тутилган.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси сервитут шартномаси, сервитут иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сервитутни ўзгартириш, бекор қилиш, сервитут учун ҳақ тўлаш, оммавий сервитутни белгилашга оид қоидалар билан тўлдирилмоқда.
Бундан ташқари, ижара муносабатларининг объектларига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг бошқа шахсга ўтказилиши тартиблари (қайта ижарага берилиши) белгиланмоқда, ер участкаларини ижарага беришнинг тартиби ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки бўлган ер участкасига мулк ҳуқуқини бекор қилиш ҳоллари аниқлаштирилмоқда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатларнинг таклиф ва тавсиялари асосида ер участкалари ижара муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари аниқ белгиланиб, ўзганинг кўчмас мулкидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) тартиби янада такомиллаштирилди. Бундан ташқари, лойиҳада жамоат эҳтиёжлари учун оммавий сервитут белгиланишининг аниқ механизмлари акс эттирилди.
Мазкур қонун лойиҳаси ижара муносабатлари янада кенгайишига, сервитут белгилаш билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишига, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА