Бутунжаҳон талабалар спорт байрами – Универсиада ўйинлари яқинлашмоқда. Жорий йилнинг 26 июль – 8 август кунлари Хитойда ўтадиган мазкур нуфузли спорт мусобақаларида иштирок этадиган давлатларнинг спорт делегациялари Чэнду шаҳрига жам бўлмоқда.
Мазкур ёзги Универсиада ўйинларида мамлакатимизнинг 17 та олий таълим муассасаларидан 77 нафар спортчи-талабалар спорт гимнастикаси, теннис, енгил атлетика, дзюдо, таэквондо WT, ушу ва қиличбозлик спорт турлари бўйича иштирок этишга ҳозирлик кўрмоқда.
Шу ўринда Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинлари тарихи ҳақида қисқача маълумот. Биринчи жаҳон уруши тугаганидан кейин француз спорт арбоби Жан Петитжан ташаббуси билан халқаро талабалар конференциясида жаҳон талабалар спорт ўйинларини ўтказишга асос солинган.
Мазкур спорт ўйинлари дастлаб 1924 йили енгил атлетика, сузиш, қиличбозлик бўйича Польша пойтахти Варшавада ўтказилган. Кейинги спорт ўйинлари 1927 йил Римда, 1930 йил Дортмундда, 1933 йил Туринда, 1937 йил Парижда, 1939 йили эса Монте-Карлода бўлиб ўтган.
Иккинчи жаҳон уруши пайтида Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинлари тўхтатилган.
1959 йили Италиянинг Турин шаҳрида Халқаро Университет спорти федерациясининг йиғилиши бўлиб ўтади ҳамда ўз сафига Болгария, Венгрия, Польша, Руминия, Собиқ Иттифоқ ва Чехословакия давлатларининг талабалар ташкилотларини қабул қилади. Ҳозирда Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси дунёнинг 189 та давлатини қамраб олган.
Мазкур федерация бош ассамблеясининг қарори билан Университет спорт ўйинлари ҳар икки йилда бир марта ташкил этилади. Хусусан, ҳар тоқ йилда – ёзги, жуфт йилда қишки Универсиада ўйинлари бўлиб ўтади.
Бутунжаҳон талабалар спорт ўйинлари Олимпия ғояларига амал қилган ҳолда халқаро спорт алоқаларини кенгайтириш, талаба-спортчилар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилади.
– Мамлакатимизда 2018 йили “Баркамол авлод” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳамда Республика “Талаба” спорт уюшмасининг қўшма конференцияси қарорига асосан Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси ташкил этилди. Шундан сўнг, мамлакатимиз талаба-спортчилари илк бор 2019 йил 2-12 март кунлари Красноярск (Россия) шаҳрида ўтказилган 29-қишки Универсиада ўйинларида тоғ чанғиси ва сноуборд бўйича иштирок этган. 2019 йил 3-14 июль кунлари Италиянинг Неапол шаҳрида ўтган 30-Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида 18 та спорт туридан 222 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борган Ўзбекистоннинг 42 нафар талаба-спортчиси 2 тадан олтин-кумуш ва 4 та бронза, жами 8 та медални қўлга киритган.
Ўшанда ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 19-ўринни эгаллаб, Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари тарихидаги энг юқори натижага эришган эди. Бу йилги Универсиада ўйинларида талаба-спортчиларимиз мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган дастур асосида қатнашади. “Чэнду-2021”да кутилаётган ҳолат “Неапол-2019”даги вазиятдан бошқача бўлиши назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, Универсиада ўйинлари олдидан ҳар бир спорт тури бўйича ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилди. Рақибларнинг имконияти таҳлил этилди, – дейди Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Анварбек Жуманиёзов.
Режа ва мақсадлар амалий натижа билан мутаносиб бўлиши талаба-спортчиларимизнинг имконияти, уларнинг халқаро мусобақаларда эришаётган кўрсаткичларига боғлиқлигини, талаба-спортчиларимиз сафида бир қатор Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларининг совриндорлари борлиги кўзланган натижаларимиз эътиборли бўлишидан дарак бераётгандек. Аммо, спортдаги кўрсаткичлар ҳаракатга боғлиқлигини назарда тутсак, Универсиададаги ҳар бир чизиқ, марра, босқич учун курашда ҳамюртларимизга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз. Ишонамизки, умид ва ёруғ тилаклар хуш хабарларга қанот бағишлайди.
Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон Универсиада ўйинларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон спорт делегацияси эртага, 26 июль куни Хитойга йўл олади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА