Юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашда Кинология ва кавалерия хизматининг ўзига хос ўрни бор. Чегарачиларимизнинг содиқ дўсти ва ҳамроҳи бўлмиш хизмат ҳайвонларининг Кинология ва от спорти бўйича Республикамиз ва халқаро миқёсда ўтказилаётган турли нуфузли мусобақаларда қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келаётгани ҳам алоҳида эътибор ва эътирофга сазовор.
Хусусан, Россия Федерациясининг Смоленск вилояти Вязьма шаҳрида жойлашган Кинология ўқув маркази ҳудудида бўлиб ўтган МДҲ Чегара қўшинлари кинолог мутахассисларининг “Илғор кинолог” мусобақасида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари жамоаси ҳам муносиб иштирок этди.
Қизғин ва шиддатли кечган мусобақанинг “Тўсиқлар йўлагидан ўтиш” шартида содиқ дўстлари билан биргаликда энг юқори натижани қўлга киритган чегарачиларимиз, “Хизмат ҳайвонларини қўлга ўргатиш умумий курси” ҳамда “Портловчи ва гиёҳванд моддаларни излаш ва топиш” йўналишларида ҳам яхши натижаларни кўрсатишди. Олти мамлакат жамоаси иштирок этган мазкур мусобақа якунига кўра, ДХХ Чегара қўшинлари жамоаси 931 балл тўплаб, умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллади. Ғолиблар мусобақа ташкилотчилари томонидан махсус кубоклар, медаллар, диплом ва совғалар билан тақдирланди.
Навбатдаги ғалаба билан мамлакатимизга қайтган жамоа аъзоларини Жиззах вилоятидаги ҳарбий қисмларнинг бирида тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўз олганлар иштирокчиларни эришилган натижа билан қутлаб, бундай ютуқлар бардавом бўлишини тилади. Шундан сўнг, “Илғор кинолог” халқаро мусобақасининг ғолиб иштирокчилари – II даражали сержант Жонибек Тўраев ва кичик сержантлар Рафиқ Тешабоев ҳамда Миржаҳон Абдувалиевларга юқори қўмондонлик номидан миннатдорлик билдирилиб, кубок, медаль ва ёрлиқлар тантанали тарзда топширилди.
– Мусобақада мен ўзимнинг “Валенсия” лақабли хизмат итим, Рафиқ ва Миржаҳон эса “Дана” ва “Виксел” лақабли хизмат итлари билан иштирок этди, – дейди II даражали сержант Жонибек Тўраев. – Йиллар давомида эгалланган малака ва тажриба бизга катта ёрдам берди. Содиқ ҳамроҳларимиз ҳам юзимизни ерга қаратмади. Албатта, бундай мусобақалар бизни янада тоблаб, янги-янги марралар сари ундайди. Бу йил 2-ўринни эгаллаган бўлсак, келгуси йилда бундан-да яхшироқ тайёргарлик кўриб, юртимизга мутлақ ғалаба билан қайтишни мақсад қилганмиз.
Нилуфар Бозорова, ЎзА