Туркиянинг Баликесир шаҳрида «Маданий ва тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш» мавзусида учинчи халқаро симпозиум бўлиб ўтмоқда.

Ҳам онлайн, ҳам оффлайн форматда ўтказилаётган халқаро симпозиум Баликесир университети, Истанбул университетининг юридик факультети ҳузуридаги маъмурий ҳуқуқ, фан ва илмий-амалий тадқиқот маркази, Истанбул тижорат университети, Тошкент молия институти ва Тошкент иқтисодиёт университети, Боку давлат университетининг юридик факультети, Озарбайжон давлат божхона қўмитаси академияси, Л. Н. Гумилёв номидаги Евроосиё миллий университети, ал-Форобий номидаги Қозоғистон миллий университети каби қатор халқаро олий ўқув юртлари кўмагида ташкил этилди.

Халқаро симпозиумдан кўзланган асосий мақсад, бу – маъмурий ҳуқуқ ва маъмурий юрисдикция соҳасидаги янги ютуқлар тўғрисида илмий мунозаралар ўтказиш ва маълумот алмашиш учун майдон яратишдан иборат.

Симпозиумда маъмурий ҳуқуқ ва маъмурий юрисдикция соҳасида тажрибага эга бўлган илмий ходимлар ва тадқиқотчилар, шунингдек, амалиётчилар ҳам иштирок этмоқда.

Халқаро симпозиумнинг очилишида «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам ўз маърузаси билан иштирок этди. Маърузачи Ўзбекистонда маданий мерос объектлари муҳофазасига доир давлат сиёсати, бу борадаги қонунчилик ва амалиётга тўхталиб ўтиб, иштирокчиларни маданий мерос объектларини асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутун етказиш бўйича Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган амалий ишлар билан таништириб ўтди.

–  Ўзбекистон жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган, ўзининг бой миллий давлатчилик тарихига эга бўлган мамлакатлардан бири саналади, – деди Э.Туляков. – Ўзбекистонда 2023 йил 1 январь ҳолатига 8 210 та маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, улардан 209 таси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Албатта, мамлакатимизда мавжуд тарихий-меъморий обидалар, зиёратгоҳлар, ёдгорликлар ва қадамжоларни сақлаш, ободонлаштириш уларни келажак авлодга безавол етказиб бериш борасида мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилган ва у доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Ўзбекистон халқининг умуммиллий бойлиги бўлмиш маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Таъкидлаш жоизки, маданият объектларини асраб-авайлаш ҳақида сўз борганда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда тарихий-маданий меросни сақлаб қолиш билан боғлиқ ишларда жамиятнинг фуқаролик позицияси сезиларли даражада ўсди. Хусусан, мамлакатда фуқаролик жамияти шаклланишининг умумий кўрсаткичи бўлган жамоатчилик назорати кучайди. Энг муҳими, мамлакатда моддий маданий меросни асраш ва ундан оқилона фойдаланишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, журналистлар, блогерлар ва фуқароларнинг иштироки ҳам анча фаоллашди.

Учинчи халқаро симпозиум ўз ишини давом эттирмоқда.

ЎзА