Хабар берганимиздек, шу кунларда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида футзал бўйича “CAFA Futsal Cup-2023” ўйинлари ўтказилмоқда.
Бир кун муқаддам Тожикистон жамоасини 4:2 ҳисобида мағлуб этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига кеча Афғонистон жамоаси билан ўтган учрашув омадсиз якунланди.
Учрашувнинг 2-дақиқасида рақиблар дарвозамизни аниқ нишонга олди. Ҳамюртларимиз 19-дақиқада Ҳусниддин Нишоновнинг голи эвазига ҳисобни тенглаштирди. 20 ва 28-дақиқаларда айнан Нишонов Ўзбекистон-Афғонистон “дуэли”да ҳисобни 3:1 кўринишига келишини таъминлади.
Аммо 34, 38 ва 40 дақиқаларда Афғонистон футзалчилари ғалабага бўлган интилишини ва кучли иродасини намойиш этди. Ўйин 3:4 ҳисобида қўшни давлат жамоасининг ғалабаси билан поёнига етди.
“CAFA Futsal Cup-2023” турнирининг 2-тур ўйинларидан кейин 6 очко жамғаришга муваффақ бўлган Афғонистон терма жамоаси якка пешқадамга айланиб олди.
Айтиш лозим, футзалчиларимизни доғда қолдирган Афғонистон жамоаси икки кун муқаддам — 23 июль куни Қирғизистон жамоасини 5:4 ҳисобида мағлуб этган эди.
Кейинги ўринларда эса 3 очко жамғарган Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон жамоалари 2-ўринга даъвогарлик қилаётган бўлса, 2-турда биронта ҳам очко қўлга кирита олмаган Қирғизистон вакиллари охирги ўринда бормоқда.
Энди Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги учрашувни 26 июль куни Туркманистон жамоасига қарши ўтказади.
“CAFA Futsal Cup-2023” ўйинлари 30 июлгача давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА