Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли ва Чимбой туманлари бўлимлари томонидан ўтказилган тадбирларда ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди.

Жумладан Департаментнинг Хўжайли тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Т.М. туман халқ таълими бўлими бош инспектор-методист вазифасида ишлаган даврида фуқаро Э.М.ни 3 минг АҚШ доллари эвазига тумандаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирига директор лавозимига ўтказишини айтиб, унинг 2 минг 100 АҚШ доллари ва 1 миллион сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланиб, Т.М. томонидан 1 миллион сўмнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилди.

Шу каби Департаментнинг Чимбой тумани бўлими томонидан Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро У.Л. фуқаро Г.У.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида Нукус шаҳар тез тиббий ёрдам марказига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 20 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири