Нукус халқаро аэропорти “Uzbekistan airways” авиакомпаниясининг “Жидда – Нукус” йўналиши бўйича парвоз қилган ҳаво лайнерини қабул қилди.

Аэропортда қорақалпоғистонлик 350 нафар Ҳаж зиёратчилари тантанали кутиб олинди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Р.Нуразизов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти қозиси ўринбосари Б.Разов, қозият ходимлари, имом хатиблар, Нукус шаҳридаги ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари, зиёратчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

– Муборак Ҳаж зиёрати давомида мусулмон кишига суннат, фарз ва вожиб амалларини адо этиб, юртимизга омон қайтдик, – дейди Қудайберген Утениязов. – Ҳаж зиёратини кўтаринки руҳда ўтказиш учун барча ташкилий чора-тадбирлар кўрилганлиги, зиёратчиларга ҳукуматимиз томонидан яратиб берилган шароит натижасида ният қилган барча амалларни тўла адо этишга муваффақ бўлдик. Ибодатлар чоғида бугунги бахтли кунларда Аллоҳдан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровон ҳаёт, дарёмизда сув мўл бўлишини тилаб дуо қилдик. Яратиб берилган бундай шароит учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз. Шу куннинг ўзида зиёратчилар ўз манзилларига келиб, оила аъзолари ва яқинлари билан дийдорлашди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири