Индонезия ҳукумати Камбожага буйрагини сотиш мақсадида 122 кишини олиб келишда айбланаётган 12 кишини ҳибсга олди. Ушланганлар орасида полиция ва миграция хизмати ходимлари ҳам бор, деб ёзди “The Star” портали.
Шубҳа остидагилар одам савдоси тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланмоқда. Айби исботланса, уларни 15 йилгача қамоқ жазоси ёки 600 миллион рупий – тахминан 40 минг доллар жарима кутади.
“Қўлга олинганлар бутун Индонезия бўйлаб ижтимоий тармоқ орқали одам ёллаш ва мижозларни бўйракни кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик операцияси ўтказиш учун Камбожага жўнатишда айбланмоқда”, – деди Жакарта полицияси жиноят қидирув бўлими директори Хенгки Харьяди. Буйрагини беришга рози бўлганларнинг ҳар бирига 135 миллион рупий ёки 9 минг доллар ваъда қилинган.
“Жабрланганлар муҳтожлик сабаб аъзоларини сотишга мажбур бўлишган, чунки уларнинг кўпчилиги пандемия даврида ишини йўқотган”, – дея ҳолатга изоҳ берган Харьяди.
Индонезия ҳукумати 2019 йил ҳам одам савдоси бўйича саккиз кишини ҳибсга олган эди. Ўшанда жиноятчилар 1 200 кишини уй хизматчиси сифатида хорижга жўнатган.