ФОТОРЕПОРТАЖ

Пойтахтимизнинг “International” меҳмонхонасида 13-20 июль кунлари мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтди.

Кеча Осиё чемпионатининг сўнгги куни – Халқаро шахмат байрамида маҳоратли шахматчилар блиц йўналиши бўйича куч синашди. Куннинг иккинчи ярмида эса Осиё чемпионатининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Шахматнинг рапид, блиц ва стандарт йўналишларида иштирок этган Умида Омонова, Нилуфархон Имомқўзиева, Малика Норқулова, Гулдона Каримова, Зилола Актамова, Малика Жумаева, Дилноза Нуруллаева, Асроржон Омонов, Эъзозбек Маҳмудов, Лазизбек Шавкатов каби ёш шахматчиларимиз ўз гуруҳларида пешқадам бўлиб, олтин медалга сазовор бўлдилар. Руқия Олимова, Мумтозбегим Собирова, Акобирхон Сайдалиев, Саъдулло Азизов, Шаҳзод Исломов, Шоҳжаҳон Сиддиқов, Акобирхон Сайдалиевлар, Исломбек Холмаматов, Икромжон Халилов эса чемпионатда 2-ўринни эгаллади. Мадинабону Халилова, Эъзозахон Ҳасанова, Севинч Давлатова, Нилуфар Маҳмудова, Лилия Белая, Шаҳромбек Каримов, Абдулқодир Баҳодиров, Раҳмонали Неъматжонов, Жавоҳир Бозоров, Акбарали Абдуҳакимов, Шаҳзод Исломов, Иброҳим Жуманазаров, Жамшидбек Айтимбетов, Акбар Ёқуббоев каби спортчилар ҳисобида эса бронза медаллари бор.

Умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Ҳиндистон, 2-ўринни Ўзбекистон ва 3-ўринни Муғулистон эгаллади. Ёш шахматчиларимиз медаллар жамғариш бўйича эса ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Кейинги ўринлар муғулистонлик ҳамда ҳиндистонлик шахматчиларга насиб этди.

Тақдирлаш маросимида Осиё ҳамда мамлакатимиз шахмат федерацияси, ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги мутасаддилари, фахрли меҳмонлар, ота-оналар, шахмат ишқибозлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

 

Муҳаммад АМИН(сурат),ЎзА