Пойтахтимизда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан «Умумтаълим мактабларида тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш, истиқболдаги режаларни белгилаб олиш» мавзусида Республика ўқув семинари ташкил этилди.
Бугунги кунда мактаб билим бериш маскани бўлиши билан бирга тарбия, маънавият ўчоғи бўлмоғи даркорлигини Президентимиз кўп бор такрорлайдилар. Бу эса мактаб таълимига масъул бўлган мутасаддилар, ўқитувчилар, таълим даргоҳлари раҳбарлари, методистлар зиммасига улкан масъулият юклайди.
Ўқув семинарини кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов навқирон авлод тарбияси учун ўқитувчи, ота-оналар, мактаб жамоаси, умуман, жамият бирдек масъул эканини таъкидлади. Дарҳақиқат, бугун жаҳонда рўй бераётган ўзгаришлар фонида маънавият ва тарбия масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бугун давлатимиз раҳбари истиқболда улкан режаларни белгилаётган экан, буларнинг бари улғайиб келаётган авлодни маънан баркамол, ватанпарвар, ўз тақдирини Ватан тақдири билан уйғун кўрадиган шахс этиб тарбиялашдек улуғвор мақсадлар билан чамбарчас боғлиқдир.
– Мазкур семинар-тренинг йиғилиш эмас, балки мулоҳазалар, таклиф учун очиқ майдон сифатида ташкил этилди, – деди мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. – Бугунги семинар мавзуси ғоят муҳим. Бу борада ўқитувчилар томонидан билдирилаётган барча таклифларини кўриб чиқишга тайёрмиз.Зеро, ўқувчиларимизни юртимиз тараққиётига хизмат қилувчи инсонлар этиб тарбиялашдек эзгу ва масъулиятли йўлда ҳаммамиз бир жамоамиз, бир кемадамиз.
– Таълим жараёнини тарбиядан айро тасаввур этиш мумкин эмас, – деди мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев. – Семинарда соҳадаги мавжуд муаммоларни кўриб чиқиш учун йиғилганмиз. Айтиш керакки, ҳар бир таклиф устида алоҳида иш олиб борамиз. Бу эса ягона мақсад йўлида битта жамоа бўлиб ишлашга ёрдам беради.
Ялпи йиғилишдан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари бошлиқлари, тарбиявий ишлар ва ихтисослаштирилган муассасаларни мувофиқлаштириш бўйича ўринбосарлар, бўлим мудирлари учун ўқувчилар таълим-тарбиясига оид маърузалар ўқиб эшиттирилди.
Уч кун давом этадиган семинар-тренингларда ўқувчиларнинг таълим-тарбияси бўйича устувор вазифалар, ўқувчи-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, таълим масканларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўқувчиларни касбга ўқитишни тизимли ташкил этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва мактабдан ташқари таълим сифатини ошириш каби масалалар муҳокама этилади.
Н.Усмонова, ЎзА