Янги ГЭСларнинг давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилиши эса инвесторларга кенг имкониятлар яратиб беради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги “Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳатлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ буюртмачи сифатида ташаббусни ўз зиммасига олади. Ушбу лойиҳаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишида бошчилик қилади ҳамда уларнинг назоратини олиб боради.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ўзбекистонда биринчи бор давлат-хусусий шериклик асосида умумий қуввати 46,6 МВт, йиллик ўртача ишлаб чиқариши 179 миллион киловатт соат ва умумий қиймати 106,9 миллион доллар бўлган 5 та “Қизилдарё”, “Сувлисой”, “Дукентсой”, “Кўксув” ва “Қуйи Кўксув» ГЭС лойиҳаларини ягона лот сифатида инвесторлар (хусусий шерик) жалб қилиш мақсадида малака сўрови тендерига (РФҚ) қўйилишини маълум қилмоқда.
ДХШ асосида қурилиши режалаштирилган ГЭСларга Жаҳон банки томонидан “Институционал салоҳиятни ошириш” грант маблағлари ҳисобидан юқори тажрибага эга хорижий маслаҳатчилар йўлланди.
Хусусан, «Synergy Infrastructure and Financial Advisory Services Inc” молиявий маслаҳатчи, “Dolsar Engineering” техник маслаҳатчи ва “UNICASE” юридик маслаҳатчи сифатида тендер асосида танлаб олинди ҳамда ушбу компаниялар билан шартнома имзоланди. Мазкур компаниялар лойиҳа ҳужжатларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича иш олиб боради.
Жамият ахборот хизматига кўра, лойиҳаларнинг узоқ муддатли молиявий барқарорлиги ва ҳаётийлигини таъминлашда, табиий ресурсларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда энг юқори муҳандислик стандартлари асосида ишлаб чиқилишида, қурилиш жараёнларининг барча жиҳатларини ҳуқуқий тартибга солишда хорижий компаниялар тажрибасидан фойдаланиш инвесторларнинг фаолиятини кафолатлашга хизмат қилади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ буюртмачи сифатида мазкур лойиҳаларни ишга туширилишида барча манфаатдор маҳаллий ва ҳорижий инвесторларни тендер савдоларига фаол иштирок этишга таклиф этади. Тендер савдолари жорий йилнинг август ойида лотга қўйилиши режалаштирилган.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади. ЎзА