Тошкент шаҳар хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ходимларидан иборат делегация АҚШда бўлиб, у ердаги ўзбек ва турли миллат вакилларининг тадбиркорлик фаолияти билан танишди.
Сафар доирасида Ўзбекистоннинг АҚШдаги консули Карол Робертсон Лопез билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик борасида муҳокамалар олиб борилди.
– Сафаримиз унутилмас таассуротларга бой бўлди, – дейди делегация аъзоси Вазира Йўлдошева. – Ўзбек миллий ҳунармандчилигига уларнинг қизиқиши ниҳоятда кучли. Вакилларимиз Вашингтон штатида шу ерлик қўл меҳнати ҳунармандлар кўргазмасида ўзларининг ҳунармандчилик маҳсулотлари билан иштирок этди. Ҳунарманд аҳоли Ўзбекистондан келтирилган маҳсулотларга катта қизиқиш билдирди ва келгусида АҚШда бўладиган Халқаро кўргазмага қатнашиш учун келишиб олинди. Шунингдек, хорижликлар эътиборини тортган нарса бизнинг миллий либосларимиз ҳамда матоларимиз бўлди. Айниқса, камалак жилосидек товланиб турган миллийлигимиз уларнинг ҳайратини оширди. АҚШ вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилган бўлиб, улар юртимизнинг ҳар бир гўшасидаги ҳунармандчилик ишлари билан яқиндан танишишни ўз олдига мақсад қилган. Меморандумда нафақат АҚШ, балки Европага ўз маҳсулотларимизнинг савдо-сотиғини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, у ерда аёлларга ёрдам кўрсатувчи реабилитация марказлари билан ҳам танишдик. Бу марказга келган аёллар, аввало, ҳар томонлама ўрганилиб, уларга 6 ойгача кўмак берилиб, ҳаттоки иш билан таъминланишида ҳам ёрдам берилади. Бу биз учун тажриба мактаби бўлди.
Бу каби дўстлик учрашувлари, аввало, тажриба мактаби бўлса, шу билан бир қаторда ташқи бозорда маҳсулотларимизнинг етакчилик қилишига пойдевор вазифасини ўташи айни ҳақиқат.
Гулноза Бобоева,
ЎзА