Таҳлилларга кўра, ўтган йил кузатилган аномал иссиқ Европада 60 000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Бу прогноз қилинганидан уч баробар кўп.

Хавотирли жиҳати, сайёрамизда глобал исиш жараёни давом этар экан, ёқимсиз рақамлар йил сайин ортиши мумкин. Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси жазирамадан сақланиш бўйича қуйидаги тавсияларни берди:

Аномал ҳарорат кузатилаётган даврда иссиқ ўлкаларга саёҳат қилишдан аввал об-ҳаво прогнозидан хабардор бўлиб, эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда йўлга чиқиш зарур;

жазирама пайти ёнингизда салқин сув олиб юришни унутманг, зарурат бўлмаса, ҳарорат юқори вақтда кўчага чиқманг, оғир жисмоний иш билан шуғулланманг;

бундай вазиятда транспорт воситасида бола ёки жониворни қолдириш тўғри эмас. Иложи бўлса, кундузи камида икки-уч соат вақтни салқин жойда ўтказган маъқул;

тунда хона деразасини очиш, кундузи офтоб нурини қайтариш учун хонага парда тутиш, ўзидан иссиқ чиқарувчи электр мосламаларидан имкон қадар камроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ;

организм сувсизланишига йўл қўймаслик учун кунига етарли миқдорда суюқлик истеъмол қилиш жуда муҳим.

Мутахассислар, шунингдек, енгил, табиий матодан тикилган кенг либос кийиш, тез-тез салқин душ ёки ванна қабул қилиш, шакарли, спиртли ёки кофеинли ичимликдан воз кечишни тавсия қилади.

Кўп вақтини ёлғиз ўтказадиган яқинлар, дўстлар ва қўшнилардан мунтазам хабардор бўлишни ёддан чиқармайлик. Зеро, иссиқ кунда заиф одам ёрдамга муҳтож бўлади.

Аномал ҳарорат таъсирида ўзингиз ёки яқинларингизда бош айланиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик, бош оғриғи каби аломатлар кузатилса, дарҳол шифокорга учрашинг.

Атрофингиздаги инсонларда офтоб тиғи туфайли ноодатий белги, масалан, хушни йўқотиш, талваса, ақлдан озиш каби симптомлар юзага келса, дарҳол тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.

ЎзА