Америка Қўшма Штатларидаги илғор клиникалардан бирида жаҳон тиббиёт амалиётида биринчи марта робот технологияси ёрдамида жигар трансплантация қилинди.
Олтмиш ёшли бемор “C” тоифали гепатит туфайли келиб чиққан жигар циррози ва саратон касаллигидан азият чекаётганди. Амалиётни, деярли, робот-жарроҳнинг ўзи уддалади. Бош хирург “темир шифокор”нинг ҳаракатини яқин атрофдаги консолдан назорат қилиб турди.
– Трансплантация муваффақиятли ўтди, – дейди жараёнга раҳбарлик қилган доктор Одил Хон. – Муҳими, кўчириб ўтказилган жигар дарҳол ишлай бошлади ва бемор ҳеч қандай асоратсиз дарддан халос бўлди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур клиникада нисбатан қисқа даврда робот ёрдамида 30 дан ортиқ буйрак трансплантацияси ва ўт йўли, ошқозон ости бези ҳамда ошқозон билан боғлиқ бошқа юқори технологик муолажалар муваффақиятли амалга оширилди.
Экспертлар “ақлли қурилма” томонидан бажарилган амалиётни муҳим воқелик сифатида эътироф этмоқда. Бинобарин, анъанавий усулда бу ўта мураккаб операцияни бажариш учун қорин бўшлиғида 10 ва 40 сантиметрлик икки кесма ҳосил қилинади.
Робот технологияси учун эса 1,5 ва 15 сантиметрдан иборат кичик кесма етарли. Бу жароҳат тез битишини таъминлайди.
ЎзА