Қирғизистон давлат тузилмаларининг АҚШ ва Ғарб мамлакатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкция қоидаси бузилишига алоқаси йўқ, деди республика давлат миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати вакили “РИА Новости” мухбирига.

Аввалроқ “Washington Post” Қирғизистонга нисбатан иқтисодий чора тайёрланаётганини ёзган эди. Оқ уй маъмурияти фикрича, Қирғизистон санкция рўйхатига киритилган товарларни РФга экспорт қилмоқда.

Ваколатли идора матбуот хизмати вакили берган баёнотда, жумладан, шундай жумлалар бор:

– АҚШ санкцияга тушган маҳсулотларни Россияга етказиб бераётгани сабабли, Қирғизистонга нисбатан иқтисодий чора қўллаши ҳақида хабар тарқалгани муносабати билан Қирғизистон Республикаси давлат миллий хавфсизлик қўмитаси жамоатчиликка қуйидагиларни маълум қилишни зарур деб ҳисоблайди: Таъкидлаш жоиз, Қирғизистон давлатининг ҳам, ҳукуматга қарашли тузилма ва компанияларнинг ҳам АҚШ ва ғарб мамлакатлари томонидан Россияга жорий қилинган санкция чоралари бузилишига алоқаси йўқ.

Давлат қўмитаси “санкция чеклови бузилишига хусусий компаниялар ёки фирмалар ўз бизнеси ва ишлаб чиқариш фаолияти доирасида алоқадор бўлиши эҳтимоли бор”, деб ҳисоблайди. Бундай корхоналар бозорга чиқараётган маҳсулотининг энг сўнгги истеъмолчиси кимлигини билмаслиги мумкин.

Хабарда аниқлик киритилишича, Қирғизистон ва республикадаги давлат тузилмалари “халқаро норма ва қоидаларга қатъий амал қилиб келмоқда”.

 

ЎзА