Яна икки кундан сўнг Италиянинг Милан шаҳрида қиличбозлик бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бошланади.

“Париж-2024” Олимпия ўйинларининг энг йирик рейтинг очколарини тақдим этадиган ушбу нуфузли мусобақада 158 мамлакатдан 1000 нафардан зиёд қиличбоз ғолиблик учун баҳс олиб боради.

Ушбу чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси бир қатор дастурларда совринли ўринлар учун баҳсларда қатнашади.

Жумладан, 22 июль куни ўтадиган аёллар ўртасидаги шпага ва эркаклар орасида кечадиган сабля мусобақаларида Малика Ҳакимова, Севара Раҳимова, Шаҳзода Эгамбердиева, Дилноз Муртазоева / Шерзод Мамутов, Зуҳриддин Қодиров, Исломбек Абдазов, Муса Аймуратов йўлакчада ҳаракатланса, 23 июль кунги беллашувларда Умида Илясова / Файзулла Алимов, Жавоҳир Нурматов, Нодирбек Мўминов, Мейрхан Тимуров қатнашади.

24 июль кунги мусобақаларда эса Зайнаб Дайибекова, Гулистан Пердибаева, Паола Плиего, Фернанда Эррера / Муҳаммад Юсуф Асранов, Аҳмудиллохон Солихожиев, Иляс Молина, Дониёр Саъдуллаев ўз йўналишларида курашларни ўтказади.

25-27 июль кунлари чемпионатнинг плей-офф босқичи, 28-29 июлда эса ярим финал ва финал баҳслари ташкил этилади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА