Президент Шавкат Мирзиёев парламент палаталари қўшма мажлисидаги ўз нутқида мамлакатимизнинг келгуси 7 йилдаги стратегик режа ва мақсадлари, устувор йўналишлар бўйича амалга оширилиши кутилаётган чора-тадбирлар юзасидан аниқ мақсад ва вазифалар хусусида сўз юритди.
Хусусан, таълим тизимида истиқболдаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Чиндан ҳам, бугун истаймизми-йўқми, таълим-тарбия соҳасини дунё тажрибаси асосида кескин ўзгартиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу маънода қўшма мажлисда Президент томонидан келгуси етти йилда мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, таълим сифатини тубдан яхшилаш масаласига алоҳида урғу берилди.
Бу нима билан боғлиқ? Аввало, шуни айтиш керакки, таълимнинг асосий ўқ илдизи умумий ўрта таълим билан чамбарчас боғлиқ. Таълим тизимида жиддий ўзгаришларни амалга оширмоқчи бўлган ҳар қандай давлат янгиланишларни ўрта таълимдан бошлайди.
Яна бир аҳамиятга молик масала бу — соҳада хусусий таълим ташкилотларининг кириб келиши билан боғлиқ. Бир пайтлар хусусий таълим тушунчаси бизга мутлақо бегона эди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Энди-чи? Сўнгги 5-6 йил ичида давлатимиз томонидан соҳага қўшимча енгилликлар берилиб, таълим тизимида хусусий ва давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида мактаблар қуришга алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳадаги ишлар келгуси йилларда ҳам изчил давом эттирилиб, хусусий таълимга қўшимча енгилликлар яратилади ва давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида барпо этилишига алоҳида аҳамият берилади.
Учинчи масала, таълим жараёнининг трансформацияси билан боғлиқ. Яъни, ҳар қандай таълим тизими замонга ҳамнафас бўлмас экан, рақобатбардошлигини йўқотади. Бу борада Президентимиз нутқида ҳам алоҳида чоралар белгиланганлиги таъкидланди. Хусусан, бошланғич синф ўқувчиларини келгусида давлат томонидан таълим планшетлари билан тўлиқ таъминлаш учун зарур молиявий имкониятлар яратилиши диққатга сазовор.
Бундан ташқари, чекка ҳудудларда бепул мактаб автобуслари йўлга қўйилиши ҳам алоҳида қайд этилди. Бу ташаббуслар таълим тизимини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Умуман олганда, бугун дунё давлатлари орасида Ўзбекистон таълим соҳасида прогрессив ислоҳотларни амалга ошираётганлар қаторида турибди. Чунки, мамлакатимизда янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини қуришга астойдил бел боғланган.
Одилжон Иминов,
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш
масалалари қўмитаси раиси.
ЎзА