“Вақф” хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров маълумотларига кўра, фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади.
Хайрия турларининг ҳеч бири мажбурий солиқ тўловларига кирмайди. Балки ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ёки саховат қилиш ўринларида ушбу маблағларни фондга ўтказиб беришлари мумкин. Ҳозирги вақтда фонд хайрия маблағларини одамлар қийинчиликсиз ўтказишлари учун электрон тўлов тизимларига уланмоқда.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида фонд томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали келиб тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган моддий кўринишдаги эҳсонлар билан қўшиб ҳисоблаганда жами 16 миллиард 659 миллион 713 минг 130 сўмдан зиёд маблағ хайрия сифатида сарфланди.
Шундан, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш мақсадида “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” ўқув курслари дарс хоналарига 11 дона смарт доска учун 187 миллион сўм, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда техник ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 2 миллиард 393 миллион 163 минг 130 сўм, диний таълим муассасаларида таҳсил олаётган 141 нафар талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш ва тўлов-шартномалари учун – 745 миллион 635 минг сўм ҳамда масжидлар ва зиёратгоҳларнинг ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 130 миллион сўм миқдорида пул ажратилган.
Шунингдек, ўтган 6 ой давомида мамлакатимизнинг ичимлик суви танқис бўлган турли ҳудудларидаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Вақф сувлари” лойиҳаси доирасида Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги қудуқ учун 80 миллион сўм фонд ҳисобидан сарфланган бўлса, ҳомийларни жалб қилган ҳолда 3 та артезиан қудуғи қазиб ишга туширилди. Яна 3 та ҳудудда қазиш ишлари амалга оширилмоқда.
Юртимизда фаолият олиб бораётган 2119 нафар имом-хатибларнинг ҳар бирига бир марталик 5 миллион сўмдан жами 10 миллиард 595 миллион сўм, 192 нафар отинойларнинг ҳар бирига 3 миллион сўмдан жами 576 миллион сўм миқдорида пул берилган.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш учун 1 миллиард 195 миллион 915 минг сўм, шундан имконияти чекланган, ногиронлиги бор бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун 407 миллион 900 минг сўм ажратилган. Турли хайрия тадбирлари учун 216 миллион сўм, вилоят вакилликларининг маъмурий харажатлари учун берилган моддий ёрдам 70 миллион сўм миқдоридаги маблағлар сарфланди.
“Қурбон ҳайити – 2023” тадбири доирасида 471 миллион сўм қийматидаги гўшт ва Саудия Арабистони томонидан тақдим этилган 25 тонна хурмолар байрам совғаси сифатида ҳақдорларга етказилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА