2025 йилгача пойтахтда 1063 та янги автобус ҳаракатланишни бошлаши, улардан 53 таси 2023 йилда ҳаракатга тушириладиган катта сиғимли 18 метрли автобуслар бўлиши Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида кўзда тутилган.
Бу каби автобуслар пойтахтнинг 11 та магистраль йўналишига қўйилиши режа қилинган эди. Дарҳақиқат, бугун мазкур қарорда назарда тутилган транспорт воситалари йўловчиларнинг оғирини енгил қилиб келмоқда. Аммо ушбу жамоат транспортини бошқараётган ҳайдовчилар бир муаммога дуч келмоқда. Маълумки, бекатлар ёнида жойлашган кўплаб ташкилотларнинг машина қўйиш майдончалари йўқ. Шу боис, у ерга иш билан келаётган фуқаролар ўз автомобилини машина қўйишни тақиқловчи белгилар борлигига қарамай, шундоққина бекатларга ва пиёдалар йўлагига қўйиб кетмоқда.
Бундай ҳолатда эса автобуслар йўловчиларга белгиланган вақтда хизмат кўрсата олмайди. Йўловчилар жамоат транспортларига миниш учун, хусусий автомобилларни оралаб юрибди.
Бир тасаввур қилинг, юқорида таъкидлаганимиздек, 2025 йилгача 1063 та янги автобус пойтахтда ҳаракатланишни бошласа, хусусий автомобилларнинг ноқонуний қўйилиб кетилиши сабаб яна қанча муаммолар келиб чиқиши мумкин?! Шундай экан, қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш баробарида машина қўйиш майдончаларини ташкил этиш масаласини ҳам инобатга олиш тақозо этилмоқда.
Аммо негадир бу муаммо бўйича тегишли ташкилотлар на «бош қотиради», на ҳал этади. Шу ўринда бир савол — муаммога бир ёқлама ёндашиш, яъни ноқонуний қўйилган машиналарни жаримага тортиш қанчалик ўринли?! Айниқса, машина қўйиш майдончалари бўлмаса…
Хўш, хусусий автомобили бўлган фуқаро уловини қаерга муаммосиз жойлаштириши мумкин?
Шу каби ҳудудларда фаолият юритувчи ҳаракат хавфсизлигига жавобгар ходимлар эса ўз хизмат вазифасини бажаришга масъул.
Биноларнинг салкам автомобиль йўлларига тақаб қурилаётгани, бунда машина қўйиш майдончаларини ҳам қуриш муҳимлиги ҳисобга олинмаётгани эса алоҳида масала.
Мисол учун, «Истиқбол» кўчасидаги «парковка» билан боғлиқ муаммо сабаб кўплаб ҳайдовчилар жаримага тортилаётган экан.
Яна бир эътиборли жиҳат шуки, бугунги кунда пойтахтда 100 дан ортиқ тантаналар зали, овқатланиш шохобчалари, 100 га яқин супермаркет (гипермаркет)лар, йирик бозорлар фаолият олиб бораётганини ва уларнинг атрофига қўйилаётган машиналарни ҳисобга олсак, муаммо кўлами янада катта эканини англатади.
Хўш, муаммони бартараф этиш юзасидан барча учун манфаатли бўлган таклифларни ишлаб чиқиш фурсати етмадимикан? Биз ҳали хулоса қилмаймиз, “Рейд”имизнинг кейинги сонида бу мавзуни яна давом эттирамиз.
М.Эшмирзаева, Н.Абдувоитов, Д.Якубов, ЎзА