Аёллар тазйиқ ёки зўравонликка учрагани ҳақида ўз вақтида мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, қонунчиликка кўра, зўравонлик қурбони бўлаётган хотин-қизлар бу каби ҳолатларда ўз аҳволини тегишли ташкилотларга очиқлашнинг имконини қила олмаса, фақат жабрланувчининг мурожаати орқали эмас, ён-атрофдагиларнинг ҳам (жамоатчилик, иш жойларидаги фаоллар, раҳбарлар, маҳалладаги хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар, қўни-қўшнилар) мурожаат этиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда тазйиқ ва зўравонликнинг жинсий, жисмоний, иқтисодий ва руҳий шакллари изоҳлаб берилган.

Келиб тушган мурожаатларга кўра, ҳар бир ҳолатда ички ишлар органларига хабар берилганида уларга нисбатан тезкор чоралар қўлланиб, ҳимоя ордерини бериш керак бўлади. Ҳимоя ордери бериш тартиби шундайки, хабар берилганидан профилактика инспектори воқеа жойига зудлик билан бориб, ҳужжатларни расмийлаштиради ва жабрланувчига ҳимоя ордерини беради.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаеванинг таъкидлашича, ўтган олти ойда 18 минг 704 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қиз ҳимоя ордеридан фойдаланган. Ҳимоя ордери берилиши натижасида 7 минг 965 та оилани яраштиришга, 9 минг 720 та оилада низони бартараф этишга эришилган.

Ўрганишларга кўра, ҳимоя ордеридан асосан, оилада эридан жабрланган ёки учинчи шахсларнинг зулмига учраган аёллар, ота-онаси ёки бошқа шахсларнинг зулмига дуч келган (вояга етмаган) қизлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликларда жабр кўрган, кўчада, ишда, ўқишда тазйиқ ёки шилқимликка учраган, ҳуқуқбузарлик ё жиноят қурбони бўлган хотин-қизлар фойдаланган.

Хотин-қизлар билан ишлашдаги бугунги ёндашувда аёлнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш устувор аҳамиятга эга. Чунки ҳақ-ҳуқуқини таниган, фаол аёлнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши осонроқ кечади.

Хўш, бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг муаммоларига ечим топиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?  

Саодат Боймирзаеванинг қайд этишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон психологлари ассоциацияси маҳалла хотин-қизлар фаоллари билан биргаликда оилалар билан ишлашда низоли вазиятларнинг олдини олиш, хотин-қизларга ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатиш борасида психологик билимларини шакллантириш мақсадида 2023 йилнинг 24 июль кунидан бошлаб барча ҳудудларда семинар-тренинглар ўтказилиши белгиланган.

Обрў-эътиборли ва ҳаётий тажрибага эга бўлган, фаол ва ташаббускор аёлларнинг саъй-ҳаракатларини бир ғоя ва бир мақсад остида бирлаштириш мақсадида 150 минг нафарга яқин аъзога эга “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилган. 111 минг 241 та кўчаларда фаоллар иштирокида сайловлар ўтказилиб, 118 минг 195 нафар “Кўчабоши” ва “Уйбоши” аёллар сайлаб олинган.

Бугунги кунда “Кўчабоши аёллар” ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракатларининг қуйи бўғиндаги фаолияти ўзаро уйғун ҳолда иш олиб бормоқда. Ҳаракатнинг энг ташаббускор аъзолари 832 та секторга бириктирилган.

208 та туман (шаҳар)да Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни муносабати билан туркум тадбирлар ташкил этилган. Ҳафталик доирасидаги тадбирларга 24  минг 574 нафар олима ва оқила аёллар, 19  минг 880 нафар раҳбар аёллар, 268 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари жалб этилган. 1  минг 738 нафар олима аёллар ҳамда илм-фан соҳасидаги турли кўрик-танловларда, олимпиадаларда ғолиб ва совриндор бўлган хотин-қизлар, 287 нафар инновацион лойиҳа яратган ногиронлиги бор иқтидорли қизлар рағбатлантирилган.

Олий маълумотли хотин-қизлар сафини кенгайтириш, оғир ижтимоий вазиятдаги, боқувчисини йўқотган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида xotin-qizlar.uz платформаси орқали 50 минг 668 нафар талабгорларнинг аризалари қабул қилинди. Белгиланган мезонлар асосида 38 минг 702 нафарига олий таълим муассасаларига тавсиянома берилган. Мутахассислиги бўйича 5 йиллик меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотли бўлмаган 12 минг 563 нафар хотин-қизлардан аризалар қабул қилинган. 11 минг 992 нафарига тегишли тавсияномалар тақдим этилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА