ФОТОРЕПОРТАЖ

Аввал хабар қилинганидек, Андижоннинг сўлим гўшаларидан бири саналган Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали бўлиб ўтмоқда.

Фестивалга Чехия, Болгария, Латвия, Польша, Сербия, Грузия, Бошқирдистон, Қозоғистон, Греция, Тожикистон каби давлатлардан санъат вакиллари ташриф буюрган.

Тадбир доирасида гастрономик кўча ташкил қилинган бўлиб, вилоятлардан келган моҳир ошпазлар томонидан ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос таомлари тайёрланмоқда. Бундан ташқари шаҳарнинг Марказий маданият ва истироҳат боғида ажратилган махсус павильонларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардан келган ижодий жамоалар ва хонандалар ўз миллий қўшиқчилик санъатини намойиш этмоқда.

– Қорақалпоқ санъати жўшқинлиги, бетакрорлиги билан фестиваль қатнашчилари диққатини тортмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги «Айқулош» фольклор-этнографик ансамбли раҳбари Ҳаётберген Алланиёзов. – Чиқишларимизни барча катта қизиқиш билан кутиб оляпти, қўшиқлар қўшиқларга, рақслар рақсларга уланяпти. Бу фестиваль чинакам санъат байрамига айланиб кетди.

Маълумот учун. “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада фестивали 20 июлга қадар давом этади.

Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА