Юртимизда оммавий спортни ривожлантириш орқали маҳоратли спортчиларни камолга етказишнинг янгича тизими яратилгани ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ислоҳотларда изчилликка эришиш мақсадида олимпия ва миллий спорт турларининг ҳар бирини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор ва фармонлар қабул қилинди. Шу асосда йўл хариталар, дастурлар, стратегик лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан шахмат, футбол, кураш, дзюдо, велоспорт, таэквондо, енгил атлетика, бокс, қиличбозлик, гимнастика, регби, волейбол каби ўнлаб спорт турлари бўйича алоҳида қарорларнинг имзоланиши, “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинларининг жорий этилиши, ҳудудлар бўйлаб оммавий югуриш мусобақаларининг ўтказилиши мамлакат спорт ҳаётига янгиланиш жараёнларини бошлаб келиши билан ечимини кутаётган мавжуд масалаларнинг туб илдизларини ҳам кўрсатиб берди.
Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йили имзоланган “Спорт курашларининг Олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бир қатор масалалар белгиланган бўлиб, ҳудудлардаги спорт мактабларида, секцияларда селекционерларни жалб қилган ҳолда иқтидорли ёшларни аниқлаш, саралаш, маҳоратли спортчи бўлиб шаклланиши учун спорт-таълим муассасаларига йўналтириш вазифаси юклатилган.
Хўш, бу борадаги ишлар ўтган давр мобайнида қай даражада бажарилди? Юртимизнинг чекка-чекка масканларида вояга етаётган ёшлар орасидан маҳоратлилар танлаб олиндими? Юнон-рум, аёллар ва эркин кураш спорт турларига ривожланган давлатлардан хорижий мутахассислар жалб қилинган ҳолда селекция ишлари ўтказилдими?
Айтиш лозим, қарор ижросини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилот ва вазирликлар, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси ҳамкорлигида жорий йил бошида “Спорт курашлари бўйича ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ишларини такомиллаштириш тўғрисида”ги низом тасдиқланиб, ҳудудларда уч босқичли мусобақалар тизими жорий этилди.
Шу асосда таълим муассасалари, спорт мактаблари, ихтисослаштирилган спорт мактаблари, Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ва бошқа спорт таълим муассасаларидан сараланганлар ўртасида туман, шаҳар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чемпионатлари ўтказилиши белгиланганди.
Аммо, тан олиш лозим, низом ва дастурлар пухта ва пишиқ, аниқ манзилли тарзда ишлаб чиқилган бўлса-да айрим ҳудудларда спорт курашлари бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш юзасидан уч босқичли мусобақалар оммавий ҳолда эмас, спорт мактаблари, тўгараклар доирасидагина ташкил этилганлиги, бунинг натижасида ўнлаб талантлар аниқланмай қолганлиги бор гап.
Маълумки, Олимпия спорт турлари бўлган эркин ва юнон-рум курашлари азалий қадриятимиз кураш ва белбоғли кураш турларига жуда яқин ҳисобланади. Айниқса, белбоғли курашдаги айрим жиҳатлар спорт курашларининг “туб замини”ни ташкил этади. Шу жиҳатдан, спорт курашларидаги усуллар, унинг техник-тактик услублари, қоидалари биз учун бегона эмаски, чекка-чекка қишлоқ ва маҳаллаларимизда курашчанлик суяк-суягига сингиб кетган юзлаб ёшларимиз борлиги ҳақиқат. Фақат уларни излаш, топиш, йўналтириш лозим, холос.
Давлатимиз раҳбари имзолаган қарор асосида ишлаб чиқилган “Спорт курашлари бўйича ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ишларини такомиллаштириш тўғрисида”ги низом айни мақсадларга хизмат қилиши керак эди. Фақат жойлардаги спорт, хусусан спорт курашлари мутасаддилари, мутахассислари ўз ишига сидқидилдан ёндашса, жон койитса, Ўзбекистоннинг енгилмас курашчиларининг янги авлоди яқин 5-7 йил оралиғида бўй кўрсатиши тайин бўлади. Бунинг учун шароит, имконият, барча-барчаси етарли. Яна бир жиҳат. Жорий йилнинг иккинчи чорак якуни бўйича ҳудудий мусобақалар ғолиблари ва совриндорлари ўртасида 5 та Ўзбекистон чемпионати ва кубоклари ҳамда 7 та маҳаллий ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда мамлакат чемпионатларида спортнинг эркин кураш тури бўйича 3105 нафар, шундан 411 нафари аёллар, юнон-рум кураши бўйича 1569 нафар иқтидорли спортчилар сараланиб, спорт таълим муассасаларига йўналтирилди.
Жорий йилнинг иккинчи ярми якунларига кўра, спорт таълим муассасаларида спорт курашлари бўйича секциялар сони 2050 тани, шуғулланувчилар 24 312 нафарни, Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларидаги секциялар 161 тани, шуғулланувчилар 1153 нафарни ташкил этмоқда.
Спорт мактабларида 915 нафар, Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида 138 нафар, жами 1053 нафар тренерлар спорт курашлари бўйича 25 465 нафар ёшларга сабоқ бериб келмоқда.
Бир қараганда ҳаммаси жой-жойида. Қисқа фурсатда спорт мажмуалари, жиҳозлар, шарт-шароитлар яратилди. Мураббий-мутахассисларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тизими ишга туширилди. Улар доимгидек ўз иш фаолиятини белгиланган меъёрлар асосида олиб бормоқда. Шуғулланадиган ёшлар сафи йилдан йилга ортмоқда. Лекин, барчаси рисоладагидек бўлган вазиятда нега юртимиз курашчилари орасидан Олимпия майдонларини, жаҳон спорт гиламларини ларзага келтирадиган, номи тилларда достон бўладиган чемпионларимиз етишиб чиқмаяпти?
Бу саволнинг жавобини топишда спорт курашлари бўйича мамлакат миқёсидаги мутасаддилар, мутахассислар, мураббийлар бош қотириши, халқаро тажрибани чуқур ўрганиши, илғор ғояларни жорий этиши лозим бўлади. Агарки, айни масалалар ўз ечимини топмас экан, дунёга довруғ қозонадиган, Ўзбекистон номини халқаро майдонларда улуғлайдиган курашчи чемпионларимизни бундан кейин ҳам тушларимизда кўриб юраверамиз.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА