Ўзбекистон, Покистон ва Aфғонистон ўртасида “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” Транс-Афғон темир йўлини қуриш бўйича музокаранинг якуний босқичи бошланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Минтақа учун муҳим аҳамиятга эга ушбу лойиҳа иқтисодий алоқани мустаҳкамлашнинг асосий шарти ҳисобланади, – дейилади хабарда.
Мулоқот давомида турли жиҳатлар, жумладан, молиялаштириш механизми, қурилиш, техник тафсилот ва лойиҳани амалга ошириш муддати муҳокама қилиняпти. Томонлар умумий манфаатли ҳамкорликка юқори қизиқиш билдирмоқда, муваффақиятли ва мақбул ечимлар топишга интиляпти.
Қайд этиш ўринли, Транс-Aфғон линияси Ўзбекистон ва Покистон ўртасида Aфғонистон орқали тўғридан-тўғри темир йўл алоқасини ўрнатади, савдо ва логистика таъминотини самарали йўлга қўйиш имконини беради.
Қиймати 4,6-8,2 миллиард долларга баҳоланган лойиҳани 2027 йилгача якунлаш режалаштирилган.
ЎзА