БРИКС гуруҳи (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка Республикаси) 50 дан зиёд мамлакатни бирлаштира олади. Бу фикрни ЖАР Ташқи ишлар вазирлиги махсус топшириқлар бўйича элчиси Анил Суклал билдирди. “Independent Online” ахборот портали ёзишича, Суклал БРИКСга кўплаб давлатлар, жумладан, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Индонезия ва Аргентина қўшилиш истагини билдирганини айтган.
“БРИКС келажак дунёни ифодалайди, глобал Жанубнинг таъсири кучайиб бормоқда. Тузилмани ер юзи бўйлаб яхши томонга ўзгариш катализатори сифатида кўриш керак”, деди дипломат.
Элчининг фикрича, мазкур уюшма иқтисодий ва геосиёсий қудрати, молиявий салоҳияти билан жозибадор. – Биз маҳаллий валюталарда савдо ҳамкорлигини чуқурлаштириш ғояси устида ишлашни давом эттирамиз, – деди Суклал. – Мамлакатлар кўпроқ молиявий мослашувчанликка эга бўлиш, долларга камроқ қарам бўлишни хоҳлайди.
Бу йил БРИКСга Жанубий Африка раислик қилмоқда.