Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 июндаги “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини тубдан такомиллаштириш мақсадида айрим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология ёрдамини кўрсатишнинг ягона вертикал бошқарув тизими жорий этилади. Бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларига руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматлари интеграция қилинади. Руҳий ҳолати бузилган шахслар дори воситалари билан эҳтиёжга кўра тўлиқ таъминланади ҳамда аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир ёшларнинг руҳий саломатлиги мустаҳкамланади.
Шунингдек, 1 августдан қуйидагилар жорий этилади.
Хусусан, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида – тиббий психолог лавозими, стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида – суицидолог лавозими ҳамда стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида – қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари ташкил этилади.
2023-2024 ўқув йилидан “Психиатрия”, “Тиббий психология” ва “Наркология” клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида умумий қабул параметрлари доирасида амалга оширилади.
Айрим клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида амалга оширилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА