Андижоннинг энг хушманзара гўшаси Хонобод шаҳрида бошланган “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Юртимиз ва хорижий санъат юлдузлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назирбеков, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, фестиваль қатнашчи ва меҳмонларини қутлади.

Мамлакатимиз санъати, ўзига хос миллий қадрият ва анъаналарини, шунингдек, туризм салоҳияти ва имкониятларини намойиш этаётган мазкур фестивалда нафақат юртимиз санъаткорлари, балки дунёдаги 20 дан ортиқ давлатларнинг эстрада санъати гуруҳлари, хонандалари иштирок этаётгани айтиб ўтилди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда миллий, жаҳон эстрада санъатини кенг тарғиб этиш ва ривожлантириш, халқимизни жаҳон эстрада юлдузлари санъатидан баҳраманд қилиш ва халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, юртдошлармиз, хусусан, ёш авлод онгида миллий эстрада орқали миллий ўзликни англаш туйғусини, юксак бадиий-эстетик тафаккурни камол топтириш мақсадида Хонобод шаҳрида халқаро эстрада миллий санъати фестивали анъанавий тарзда ўтказилиши белгиланганлиги мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариши алоҳида қайд этилди.

Фестиваль очилиш маросими бадиий дастурини “Ўзбегим” карнай-сурнай гуруҳи мусиқий композицияси ҳамда Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли раққосалари ўзларининг жозибадор рақслари билан бошлаб берди.

Халқаро танловлар совриндори Сабина Мустаева, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ижросидаги шўх қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бадиий жамоалари, эстрада хонандаларининг чиқишларини томашабинлар олқишлар билан қарши олди. Фестиваль очилишидаги гўзал тароналар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.

Фестивалнинг очилиш тадбири якунида иштирокчилар дунёга машҳур “Доктор Албан”, Boney M диско-гуруҳи ҳамда Otawan гуруҳларининг чиқишларидан баҳраманд бўлди.

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА