Яқинда Қорақалпоғистонда БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАОнинг узоқ йиллар давом этган навбатдаги йирик қўшма лойиҳаси якунланди.
2021 йилдан 2023 йилга қадар амалга оширилган қўшма дастур Оролбўйи минтақаси шароити оғир ҳудудларида иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилишга асос бўлди. Ёшлар, умуман, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ижодий ва инновацион имкониятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
БМТ Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси томонидан молиялаштирилган қўшма лойиҳа йўналишларидан бири – қишлоқ аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этувчи ёшлар ва аёллар минтақа иқтисодиётининг ўзига хос хусусиятини ҳисобга олган ҳолда соҳадаги инновацион тажрибани уй хўжаликлари даражасида тарғиб қилиш эди.
Хусусан, деҳқончиликнинг инновацион усуллари ва янги ташаббусларни синаб кўриш орқали қишлоқ жамоаларида даромад олиш учун қулай шарт-шароит яратилди. Оролбўйи минтақасидаги маҳаллий тадбиркорлар бизнесини ривожлантиришда ФАО томонидан кўрсатилаётган ёрдам бунга мисол бўла олади.
2023 йил июнда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги лойиҳа бенефициарлари Саламат Ержанов ва Махсет Тўқсанбоев ўз томорқаларида товар балиқ етиштириш ва кейинчалик сотиш мақсадида балиқ ҳовузларини модернизация қилиш учун зарур жиҳоз ва техникалар олган.
Қисқаси, ташкилот тадбиркорларга барча зарурий ёрдамни кўрсатди, шу жумладан, аэраторлар, автоматик озиқлантирувчилар ва бошқа жиҳозлар, шунингдек, балиқ озуқаси ва кўпайтириш учун балиқлар етказиб берилди. Бугунги кунга қадар янги балиқ ҳавзаларида балиқ етиштириш ва кейинчалик сотиш бўйича ишлар амалга ошириляпти.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил Бўзатов туманида ушбу тижорат ғоясини муваффақиятли амалга оширган ва шу орқали ўз хонадони даромадини кўпайтиришга муваффақ бўлган лойиҳанинг яна бир бенефициари Содиқ Дуйсенбаев учун худди шундай балиқ ҳавзаси ташкил этилган эди. Лойиҳа бенефициарлари учун ташкил этилган тренингда балиқ етиштиришни ўрганиш, сув ҳавзаларини яхшилаш ва ўғитлаш, балиқларни озиқлантириш, сув ҳавзалари ва ҳовузлар гидрокимёвий режими хусусиятлари ва бошқа кўплаб масалалар кўриб чиқилган.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ташкил этилган 30 дан зиёд тренингда 816 нафар фуқаро, жумладан,
552 нафар аёл иштирок этди. Улар чорвачилик, боғдорчилик, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, тупроқни муҳофаза қилувчи қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида илғор хорижий тажрибани ўрганган.
Яна бир муҳим маълумот шуки, лойиҳа доирасида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатов туманларидаги учта хонадонда мевали дарахт кўчатхоналари қурилди. Ҳаммаси бўлиб уч мингдан зиёд кўчатлар экилган.
Хуллас, қўшма дастур доирасида ФАО мақсадли гуруҳлар ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ оилалари даромадини ошириш бўйича кўникма ва малакаларини шакллантиришга, аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлашга, энг муҳими, БМТнинг “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойили асосида иқтисодий, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилишга ҳисса қўшди.
Б.Худойбердиев, ЎзА