Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали бўлиб ўтган овозли чатда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бош мутахассиси Жамшидбек Одилов иштирок этди. Эксперт абитуриентларнинг қабулга оид энг муҳим саволларига жавоб берди.
— Бу йилги тест саволларини ечиш учун қанча вақт берилади ва натижалар қачон эълон қилинади?
— Вазирлар Маҳкамасининг 261-сонли қарори мавжуд. Ушбу қарорда ҳар 30 та тест топшириғига 1 соат вақт ажратилиши белгиланган. Оддий қилиб тушунтирадиган бўлсак, бир дона тестни ечиш учун 2 дақиқа вақт берилади. Бу вақт жавоблар варақасини тўлдиришни ҳам ўз ичига олади.
Жорий йилда абитуриентларимизга жами 90 та тест топшириғи берилади, бу 3 соат вақтни ташкил этади.
— Абитуриентларда чет тили ёки умумтаълим фанларидан сертификат бўлса, унга қанча вақт берилади? Яъни, сертификатдан фойдаланганликлари учун вақт кесиб қолинмайдими?
— Абитуриент қайсидир фандан имтиҳондан озод қилинадиган бўлса, албатта бу фан учун ажратиладиган вақт кесиб қолинади. Дейлик, тарих фанидан озод қилинган бўлса, 30 та тест топшириғи чиқиб кетди, қолган 60 та тест топшириғи учун 2 соат вақт берилади. Яна мисолларни давом эттирадиган бўлсам, айтайлик жисмоний тарбия йўналишида иккита мутахассислик фани умумлаштирилиб, ижодий имтиҳон ўтказиладиган бўлса, фақатгина мажбурий фанлар қолади. Мажбурий фанларнинг ҳар бирида ўнтадан 30 та тест топшириғи бўлади. Бунга 1 соат вақт берилади.
Натижалар эълон қилинишига тўхталадиган бўлсак, абитуриентларимиз тест синовларида иштирок этган куннинг эртасигаёқ тўплаган балларини билиб олишлари мумкин. Биз фақатгина балини эълон қилиб қўймаймиз. Яъни, “Сиз 100 балл олдингиз”, деган маълумот эмас, жавоблар варақасини рангли сканер қилиб, шахсий кабинетига жойлаштирамиз. Саволларга тўғри ёки нотўғри жавобларни белгилагани тўғрисидаги маълумотлар билан якуний балл тўплагани акс этади.
Абитуриентларнинг талабаликка қабул қилинган ёки қилинмагани тўғрисидаги натижалар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг бир ҳафта ичида эълон қилинади.
Н.Раҳмонова,
А.Содиқов (видео), ЎзА