Президентимизнинг 2020 йил 30 июндаги қарори ижросини таъминлаш, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилашга субсидиялар ажратилмоқда.

Унга кўра, 2020-2022 йилларда 1699 кичик ва катта вертикал суғориш қудуқлари қазилиши учун Кенгаш ҳузуридаги жамғарма 147,65 миллиард сўм субсидия ажратди. Субсидия – давлат бюджети маблағлари ёки махсус жамғармалар ҳисобидан муайян мақсадлар учун жисмоний ва юридик шахсларга бериладиган пул маблағи ёки натура шаклидаги ёрдам. Субсидия давлат томонидан аниқ ижтимоий мақсадларни кўзда тутиб, қайтариб олмаслик шарти билан ажратилади.

Жорий йил учун ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш бўйича манзилли рўйхат тасдиқланган. Унга кўра, 2023 йилда 743 МФЙда 1188 та, шундан: 194 та кичик, 981 та катта қудуқ, 10 та деҳқон хўжалигига 3 та насос агрегати қазилиши режалаштирилган.

Кенгаш ҳузуридаги жамғарманинг 2023 йил харажатларининг прогноз параметрларида вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш учун 100 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. 2023 йил учун тасдиқланган 1188 та суғориш қудуқларининг манзилли рўйхатига жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бунга эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг таклифлари сабаб бўлди. Шу боис талабгорлар кесимида 791 та, жумладан, 203 та кичик, 584 та катта қудуқ ва 4 та насос агрегатларини ўрнатишнинг манзилли рўйхати қайтадан шакллантирилди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 355 нафар талабгорга артезиан қудуқлар учун 40 миллион 746 минг сўм йўналтирди. Натижада Республика бўйича 76 та тумандаги 255 та МФЙларида 293 та катта ҳажмдаги ва 62 та кичик ҳажмдаги артезиан қудуқлар қазилди. Бу эса 9,1 минг хонадоннинг 1 100 гектар томорқа ер майдонини сув билан таъминлаш имконини берди. Улар йилига икки-уч марта ҳосил олиш, маҳсулот етиштириш орқали даромадга эга бўлиш имконига эга бўлди. Аслида ҳам  мақсад шу. Яъни давлат томонидан қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали субсидия ажратилиши ҳудудларда аҳолини қўшимча даромад манбаи билан таъминлаш, томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш ва нарх-наво барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.

Аббос МАДИЕВ,
     Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бўлим бошлиғи

 ЎзА