Миллий матбуот марказида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 2023/2024 ўқув йили учун қабул кўрсаткичлари ҳамда касбий имтиҳон жараёнларига тайёргарлик масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Муқум Арзиқулов, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўқув ишлари бўйича проректори Анвар Ходжаев, Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институти илмий котиби Нодирбек Юсупов ва бошқа мутасаддилар иштирок этган анжуманда жорий йилги қабул жараёнлари давлатимиз раҳбарининг тегишли фармойишига асосан амалга оширилаётгани таъкидланди.
Бугунгача 2023/2024 ўқув йили учун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети бакалавриат кундузги таълим йўналишига 1102 та квота ажратилган бўлиб, шундан 405 грант, 697 шартнома асосида қабул қилинади. Сиртқи таълимга эса 650 та квота ажратилган.
Магистратура босқичига 8 та мутахассислик бўйича қабул режаси 121 нафарни (29 грант, 92 та контракт) ташкил этмоқда.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг кундузги бакалавриат таълим йўналиши бўйича 1 та таълим йўналишида тест ва 2 та таълим йўналишида тест ва касбий имтиҳонлар амалга оширилади.
Шунингдек, хотин-қизлар спортини ривожлантириш бўйича бокс, сузиш, енгил атлетика, қўл тўпи, теннис, футбол, дзюдо, белбоғли кураш, таэквондо WТФ, кураш, синхрон сузиш, регби, шахмат, каратэ, стол тенниси, фигурали учиш турларида қабул амалга оширилиши назарда тутилган.
Жорий йилдан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига 3 та янги бакалавриат таълим йўналишида абитуриентлар қабул қилиниши белгиланганлиги мамлакатимизда спорт таълим йўналиши йилдан-йилга кенгаяётганидан далолатдир.
Касбий имтиҳонлар жорий йилнинг 24 июлидан 5 август санасигача давом этиши белгиланган. Спорт турларидаги ижодий имтиҳонлар ўтказиладиган барча спорт мажмуалари видеокузатув камералари билан жиҳозлангани, зарур воситалар билан таъминлангани, холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида имтиҳон жараёнлари жонли тарзда интернет платформаси орқали узатиб борилиши борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани билдирилди.
Имтиҳонларнинг адолатли ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш мақсадида имтиҳон олувчи комиссия аъзолари сафига спорт федерациялари ва ассоциациялардан мутахассислар жалб этилиб, жараёнлар халқ депутатлари ва жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан кузатиб борилади.
Савол-жавобларга бой тарзда кечган матбуот анжумани якунида ҳозиргача университетга 1494 нафар, шундан кундузги таълимга 1034 нафар, сиртқи таълимга 460 нафар талабгордан ариза келиб тушгани маълум қилинди.
Т.Рўзиев,
О.Пардаев (суратлар), ЎзА