Юртимизда чорвачилик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш соҳасида илғор хорижий технологияларни жорий этиш, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш мақсадида Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Франция тараққиёт агентлиги 2022−2026 йилларда Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантиришни молиялаштириш мақсадида 100 миллион Евро кредит ажратмоқда. Маблағ 15 йил муддатга, шу жумладан, 4 йиллик имтиёзли давр билан берилмоқда. Лойиҳа дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида назарда тутилган чора-тадбирларнинг 50 фоиздан зиёди молиялаштирилгач қолган ҳудудларда ҳам жорий этилади.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашида Франция тараққиёт агентлигининг Тошкент шаҳридаги бош офиси ваколатхонаси вакиллари билан 5 йилга мўлжалланган «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини амалга ошириш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 147,7 миллион Евро бўлиб, шундан 100 миллион Еврони Франция тараққиёт агентлиги, 29,96 миллион Евро бенефициарлар, 17,1 миллион Евро Ўзбекистонга тегишли.
–Ушбу лойиҳа доирасида кенгаш чорвачиликни ривожлантириш борасидаги бир қатор имкониятларини ишга туширади, – дейди Кенгаш раиси ўринбосари Т.Сатторов.– Айни вақтда Франция тараққиёт агентлиги томонидан турли ҳудудларда фаолият юритаётган 80 фермер хўжалигига 15 миллион Евро атрофида кредит ажратилди.
Учрашувда Т.Сатторов тизимда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, Қува, Янгийўл, Чироқчи, Жомбой туманларида ташкил этилган ўқув-амалий марказларда ташкил этилган ўқув курслари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Чироқчи туманида ташкил этилган “Томорқачилик илмий-миллий маркази томорқа хизмати” МЧЖни ташкил этиш асослари ва йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Ташриф якунида иккала томон ҳамкорликда ҳудудий ўқув марказларида чорвачилик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорларда сотиш ҳамда ўқув курсларини ташкил этишда ёритиш юзасидан келишиб олди.
Маълумот учун: 1941 йилда ташкил этилган Франция тараққиёт агентлиги дунё бўйича 85 хорижий ваколатхонасига эга. Франциянинг денгиз орти ҳудудлари ва 115 мамлакатида иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик, гендер тенглик, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишларидаги 4 мингдан зиёд лойиҳани бажаришда кўмаклашмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА