Франция пойтахтида пара енгил атлетика бўйича муросасиз беллашувларга бой бўлган жаҳон чемпионати кутилган ва кутилмаган натижалари билан ўз поёнига етди.
Мамлакатимиз спортчилари дунёнинг энг кучли пара енгил атлетикачилари билан кечган баҳсларда матонат ва иродаларини намойиш этди.
Ўзбекистон пара енгил атлетикачилари 6 та олтин, 7 та кумуш, 4 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоада 8-ўринни эгаллади.
Чемпионатнинг сўнгги кунида аёллар ўртасида F54 классида найза улоқтириш баҳсида терма жамоамиз аъзоси Нурхон Қурбонова 20 метр 15 сантиметр натижа билан олтин медалга эга чиқди.
Чемпионат баҳслари ортда қолди. Умумжамоа ҳисобида 16 та олтин, 16 та кумуш, 13 та бронза медалига эга чиққан Хитой терма жамоаси 1-ўринни, 14 та олтин, 13 та кумуш, 20 та бронза медалини қўлга киритган Бразилия жамоаси 2-ўринни эгаллади. 10 та олтин, 14 та кумуш, 15 та бронза медалига эришган АҚШ вакиллари кучли учликка якун ясади.
Тўққиз кунлик мусобақалар давомида 35 та жаҳон рекордлари янгиланди. «Париж-2024» Олимпиадаси йўлланмалари ўйналган мусобақаларда иштирок этган 61 та давлат спортчилари у ёки бу даражадаги совринли ўринларни эгаллади. 50 дан зиёд мамлакатнинг пара енгил атлетикачиларига эса бирон бир соврин насиб этмади.
Жаҳон чемпионати баҳслари сарҳисобига кўра, эркаклар ўртасида 275 та, аёллар ўртасида 225 та совринли ўринлар ўз эгаларини топди.
Пара енгил атлетика бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати келаси йилнинг 17-25 май кунлари Япония давлатида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Париж спорт майдонларида ватанимиз спорт шарафини улуғлаган матонатли спортчиларимиз бугун тунда юртимизга қайтиб келишади.
Т.Рўзиев, ЎзА