Давлатимиз раҳбарининг “Таэквондо WT спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилалар фарзандларининг таэквондо WT спорт тури билан шуғулланиш харажатларини қоплаб бериш тартибини жорий этиш вазифаси белгиланганди.

Хўш, ўтган давр мобайнида мазкур қарор ижросини таъминлаш, хусусан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилаларнинг фарзандларини таэквондо WT спорт тури билан шуғулланиш харажатларини қоплаб бериш борасида қандай ишлар амалга оширилди? Қанча оила фарзандлари ушбу дастурда қамраб олинди?

Айтиш лозим, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилалар фарзандларининг таэквондо (WT) спорт тури билан шуғулланиш харажатларини қоплаб бериш тартибини жорий этиш тўғрисида низом ишлаб чиқилди.

Унга мувофиқ, спорт мактабларида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилалар фарзандларининг молиялаштириш ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатлар ўрганиб чиқилиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари, спорт-таълим муассасалари ҳамда клубларда бепул шуғулланиш, ўқув-машқ жараёнида ва мусобақаларда бепул иштирок этиш, спорт мактабининг моддий-техника базасида бепул шуғулланиш ҳуқуқлари жорий қилинди.

Шунингдек, маълумотларга кўра, 2023 йили “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилалар фарзандларининг таэквондо (WT) спорт тури билан шуғулланиши, спорт мусобақаларига бориб-келиши билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилди.

Жорий йилда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган 129 нафар оила фарзандлари таэквондо WТ билан бепул шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Бунинг натижасида иқтидорли ёшларни аниқлаш, маҳалла ёшларини спорт машғулотларига тизимли жалб қилиш ишларида самарадорлик сезилмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида шуғулланувчи ёшлар сафи ортмоқда. Биргина ўтган йили спорт-таълим муассасаларида таэквондо WT билан шуғулланиб келаётган спортчи-ўқувчилар сони 7 минг 24 нафарга етгани, уларнинг 1 минг 453 нафарини хотин-қизлар ташкил этаётгани қарорнинг ҳаётбахшлигидан далолат.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА