Мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш тизими кейинги йилларда янгича босқичга олиб чиқилди. Ёшлар ва спорт масалалари битта тизимга бириктирилди. Баркамол авлод вакилларини оммавий спорт машғулотларига жалб этиш, уларни қизиқиш ва интилишларидан келиб чиқиб йўналтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида хайрли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини бевосита ҳал этиш бўйича 9 минг 406 та маҳаллада ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 100 дан ортиқ янги лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

Юртимиздаги ҳар бир маҳаллада “ёшлар баланси” шакллантирилиб, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, “Ёшлар дафтари” тизими яратилиб, ўтган йилнинг ўзида 300 минг нафар ёшга қарийб 600 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Бу ҳақда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг ўтган 6 ойда амалга оширилган ишлари ҳамда навбатдаги муҳим вазифаларга бағишланган Ҳайъат йиғилишида таъкидланди. Йиғилишда спорт соҳасида ўтган 6 ой давомида эришилган натижалар, мавжуд камчиликлар кўриб чиқилди.

Айтиш лозим, ўтган 6 ой давомида мамлакатимизнинг 307 нафар спортчиси жаҳон ва қитъа мусобақаларида ғолиб ва совриндорликка эришган бўлса, шу даврда дзюдо, бокс, енгил атлетика, бадиий гимнастика, триатлон, байдарка ва каноэда эшкак эшиш каби спорт турлари бўйича халқаро даражадаги мусобақаларга Ўзбекистон мезбонлик қилди.

Ҳудудларда спорт соҳасини ривожлантириш борасидаги мавжуд муаммолар, камчиликлар, айрим соҳа мутасаддиларининг ўз фаолиятини тўла-тўкис олиб бормаётгани танқид остига олинди.

Халқаро мусобақаларда қўлга киритилган медаллар сарҳисоби таҳлил этилганда бир қатор вилоятлардаги кўрсаткич республика даражасидан анча пастлиги, иқтидорли ёшларни саралаш, танлаш, йўналтириш борасидаги камчиликларни рўйи-рост кўрсатиб бермоқда.

Ушбу масала юзасидан ҳудудлардаги масъул раҳбарлар қаттиқ огоҳлантирилиб, жорий йил якунига қадар тизимда ўзгариш учун сўнгги бор имконият берилди.

Спорт мактаблари фаолиятини самарали ташкил этиш ватан довруғини дунё майдонларида улуғлайдиган спортчиларни камолга етказишнинг пойдевори ҳисобланади. Таъкидлаш лозим, ўтган даврда спорт мактабларини услубий қўллаб-қувватлаш ҳамда иш фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ давлат даражасидаги қарорлар қабул қилинди. Етарли шарт-шароитлар яратилди. Мураббий ва мутахассисларни моддий қўллаб-қувватлаш тизими ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарорга асосан ўтган йили тренерлар ойлик маоши 1,35 баробарга оширилди, мактабларнинг эҳтиёжига кўра, ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га асосан ҳудудлардаги спорт мактаблари, тўгараклар 89 турдаги 47 миллиард сўмлик спорт инвентарлари билан таъминланди.

Бу йил нафақат спорт инвентарлари, балки илк бор спорт тиббиёти жиҳозлари, дори-дармон воситалари, спорт либослари жамланмаси ва услубий қўлланмалар марказлашган тарзда етказиб берилди. Шунингдек, мавжуд 254 та спорт мактаби ва 56 та ихтисослаштирилган спорт мактабларида спортчи-ўқувчилар қамрови 350 минг нафардан оширилди.

Бундан ташқари, спортчиларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида Спорт соҳасида ҳуқуқий кўмак маркази ташкил этилдики, бу мамлакатимизда инсон манфаати, унинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш тамойили устувор вазифалардан бири эканлигининг мантиқий давоми бўлди.

Муҳокамалар давомида олий спорт таълим муассасалари фаолиятида натижадорликни ошириш ҳамда 2023/2024 ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, соҳада бир қатор интеграция ишларини амалга оширган ҳолда тизимни янада такомиллаштиришга эришилгани қайд этилди. Давлат тест марказига “ERP-Sport”дан спорт разрядларини автоматик текшириш орқали абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш тизими жорий этилди. Ижодий имтиҳон натижаларини “ERP-Sport”дан Давлат тест марказига узатиш ишлари тўлиқ ишга туширилди. Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлайдиган “Спорт синовлари” ахборот тизими жорий этилгани, спорт-таълим муассасаларига қабулни амалга оширишда “онлайн қабул” хизмати ишга туширилгани соҳа ривожини таъминлашда, малакали кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мутахассислар соҳага оид бир қатор тақдимотлар билан танишди. Кутилаётган комплекс спорт мусобақалари – Бутунжаҳон “Универсиада” ўйинлари, II МДҲ давлатлари спорт ўйинлари, ёзги Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, “Париж-2024” Олимпиадасининг саралаш турнирларида муносиб натижаларга эришиш, юртимизда ёшлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқишдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан фикрлар билдирилди.

Ҳайъат йиғилиши якунида мазкур йўналишларда қилиниши лозим бўлган ишлар бўйича зарур қарорлар қабул қилинди. Қўшимча устувор вазифалар белгилаб олинди.

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА