Бугун мамлакатимиз ташқи савдо айланмасида товарлар экспортининг ўрни беқиёс. Давлатимизнинг иқтисодий ўсиши, валюта тушумининг таъминотида ҳам экспорт товарлар муҳим аҳамият касб этади. Экспортер корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга ўз маҳсулотларининг дунё бозорларига чиқишида амалий кўмаклашиш мақсадида божхона органлари масъул вакиллари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи И.Казаков божхона қўмитаси масъул вакили С.Жалилов билан бирга Нукус шаҳридаги тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи “NUKUS MED TEX” МЧЖ асосидаги қўшма корхонада бўлиб, ташкилот фаолияти билан яқиндан танишди.

Корхона йилига 250 миллион дона бир марта фойдаланиладиган тиббий буюмлар, 12 хил турдаги шприц ва инфузион системаларни ишлаб чиқариш қувватига эга. 2022-2023 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳукуматимизнинг тегишли қарорлари асосида Хитой давлатидан технологик асбоб ускуналарни божхона тўловларидан жами 3,3 миллиард сумдан ортиқ имтиёз қўлланилган ҳолда мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилган. Ишлаб чиқаришнинг энг илғор замонавий асбоб ускуналарда автоматик тарзда бошқарилиши ҳамда унга тажрибали мутахассисларнинг жалб қилиниши натижасида 700 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарувчи ушбу корхонада 250 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланган.

Ички бозор талабидан ортган тиббий буюмларнинг барқарор экспорти ҳам йўлга қўйилган. 2022 йил бошидан шу кунга қадар қиймати 1,1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 38 миллион дона шприц ва инфузион системалар Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинган. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар учун зарур ҳом ашёларнинг деярли 60 фоизи маҳаллий маҳсулотлар. Хитой, Эрон, Қозоғистон ва Россия давлатларидан импорт қилинаётган конюла ва гранулалар эса Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постлари томонидан соддалаштирилган тартибда қисқа муддатларда расмийлаштирилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА