Бугун Туркия Республикаси тарихидаги энг қонли фожиалардан бири юз берганига етти йил бўлди.

2016 йил 15 июлда республика армиясига сизиб кирган тажовузкор кимсалар аёвсиз ҳаракатларни амалга оширди. Турк халқи эса миллий парламентга ҳужум қилган, полиция махсус кучлари қароргоҳини ер билан яксон этган, оддий аҳоли устига танк билан бостириб борган, жанговар самолёт ва вертолётлардан ўқ ёғдирган жиноятчилар билан юзма-юз қолди.

Ўшанда халқ жасорат ва қатъийлик билан давлатни тўнтаришга уринганларга қарши кўчаларга чиқди. Кучли таҳдид ва босқинга қарамай, журналистлар ўз фаолиятини давом эттирди. Миллат жипслашди.

Мазкур сана ҳамда “Демократия ва миллий бирлик куни” муносабати билан Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида хотира тадбири ташкил этилди.

Тадбирда ўша машъум кунларда ҳалок бўлганлар хотирланди. Марҳумлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

– 2016 йил 15 июлга ўтар кечаси мамлакатимиз ва халқимиз ўзининг яқин тарихидаги энг катта синовлардан бирини бошидан кечирган, – деди тадбирда сўзга чиққан Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар. – Бу хоинона ҳаракат чоғида Республикамиз рамзи бўлган Туркия Буюк миллат мажлиси биноси террор ҳужумига учраган. Демак, миллатимизга қарши маккорона фаолият юритаётган турли оқимларга қарши огоҳ бўлиш зарур.

Дарҳақиқат, Туркия жиддий синовдан ёруғ юз билан чиқди. Афсуски, бу йўлда кўплаб қурбонлар берилди. 250 фуқаро ўлдирилди, 2000 нафардан зиёд инсон жароҳатланди.

Мардлар хотирасини дилларга муҳрлаган турк халқи доимо шаҳидлар ҳақига дуода.

ЎзА