Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда прокуратура органлари, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирок этди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бошқарган мажлисда  Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қоида ва нормаларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Конституция талабларининг тўлиқ ва қатъий бажарилишини таъминлаш прокуратура органларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланди.

Барча соҳаларда назорат фаолиятини амалга оширишда, энг аввало, Конституциянинг давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан – тўғри ва сўзсиз қўлланилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги барча ходимларга уқтирилди.

Шу билан бирга, Конституция нормаларини терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятида қўллашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Бу фаолиятни амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, хусусан, шахсий, оилавий сири, уй – жой, мол – мулки дахлсизлигини қатъий таъминлаш, улардан маҳрум қилиш ёки чеклашга фақатгина қонуний асосларга кўра ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши ҳар бир ходим эътиборига етказилди.

Шахсни асоссиз ушлаш, қамоққа олиш, жавобгарликка ноқонуний тортиш, қийноқ ва бошқача тарздаги тазйиқ ҳолатларига йўл қўймасликнинг зарур чораларини кўриш, бундай қонунбузилишларга нисбатан кескин муносабат билдириб бориш барча даражадаги прокурорларнинг доимий эътиборида бўлиши қайд этилди.

Ҳайъат йиғилишида прокуратура органларининг жорий йил биринчи ярим йиллик фаолияти якунлари ҳам кўриб чиқилди.

Прокуратура органлари томонидан ўтган ярим йилда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари 91 мингдан ортиқ назорат ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этилган, 225 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 1,3 триллион сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Назорат фаолияти билан биргаликда бевосита прокурорлар саъй – ҳаракати билан қисқа муддатда 120 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, қарийб 157 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

19 минг 316 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, қарийб 18 минг нафарининг муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган. Натижада 12 минг 469 та янги иш ўринлари яратилишига эришилган.

Прокурорлар кўмаги билан долзарб йўналишларда, жумладан, қурилиш, ёқилғи – энергетика, экология соҳаларида ташкил этилган янги тузилмалар фаолияти ҳам ҳайъат муҳокамасидан четда қолмади.

Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш, тергов сифатини ошириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Бу борада эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга, мавжуд муаммолар ва йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни кескин танқид қилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазият барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлашнинг барча чораларини кўриш зарурлигини қатъий таъкидлади.

Аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳам ҳайъат муҳокамасидан ўрин олди.

Маълум бўлишича, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 126 мингдан ортиқ мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва 24 минг нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.

Йиғилишда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА