Президентимизнинг 2022 йил 15 июндаги “Табиий газ бозорини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти фаолиятида янги саҳифа бошланди.

Унга кўра, ушбу ташкилот табиий газни ташиш, сақлаш ва транзит қилишга ихтисослашган ягона магистрал газ узатиш тизими операторига айланди.

«Ўзтрансгаз» АЖ ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова мазкур қарор ижроси ва жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида тизимда амалга оширилган ишлар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди.

–  “Ўзтрансгаз” АЖ тизимида 14 та ҳудудий ва тизим ташкилотлари бўлиб, уларда 8 мингдан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда, –деди Ш.Равшанова. –Жорий йилнинг олти ойи давомида республика истеъмолчиларига қарийб 21 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилди.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 15 июндаги қарори билан жамият табиий газни ташиш, сақлаш ва транзит қилишга ихтисослашган ягона магистрал газ узатиш тизими оператори ҳисобланади. Унда белгиланган устувор вазифалар ижроси бўйича ташкилотимизда тизимли ишлар олиб борилаётир.

Хусусан, бугунги кунда “Ўзтрансгаз” АЖ 14 минг километрга яқин магистрал газ қувурларига хизмат кўрсатади. Газ транспорт тизимининг ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, табиий газни магистрал газ қувурлари орқали ташишдаги йўқотишларни минималлаштириш мақсадида янги тармоқлар қуриш, мавжудларини реконструкция ҳамда модернизация қилиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Ўтган ярим йилликда қарийб 83 километр узунликдаги янги магистрал газ қувурлари қурилди.

Жумладан, мамлакатимиз истеъмолчиларининг аксариятини ташкил этувчи Фарғона водийсини табиий газ билан таъминлашда муҳим тармоқ саналган “Фарғона-Риштон” МГҚнинг 39 километр узунликдаги 2-тармоғи, шунингдек, газ транспорт тизимининг модернизация дастури бўйича 38 километр, Сирдарё вилоятида қурилаётган қуввати 1500 МВтга тенг иссиқлик электр станциясини табиий газ билан таъминлаш учун 3,4 километр магистрал газ қувури, “Янги Андижон” ГТС ҳамда унга келтирувчи 2,2 километр газ қувури қурилди.

Жорий йил сўнгига қадар 117 километр магистрал газ қувурларини қуриш ҳамда 47 километр капитал таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида “Бухоро-Урал”, “Газли-Нукус”, “Муборак-Когон”, «Муборак-Зирабулоқ» ҳамда яна қатор магистрал газ қувурларида аниқланган нуқсонли қисмлар алмаштирилди. Айни йўналишдаги ишлар режага асосан давом этади.

1 октябрдан шимолдан республика ҳудудига импорт бўладиган табиий газ ҳажмини ўлчаш мақсадида “Хива-Бейнеу” магистрал газ қувурининг 307-километрида газ ўлчов станцияси қуриш режалаштирилган. Шу кунларда лойиҳалаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

2023 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, «Ўзтрансгаз» АЖ таркибида 22 та компрессор станцияси бўлиб, уларда 43 та компрессор цехи ва 232 та газ ҳайдаш агрегатлари мавжуд. 2023 йил 1 июль ҳолати бўйича 12 та агрегат мукаммал, 15 таси ўрта ва 21 таси жорий таъмирланди. 2023 йилда газ ҳайдаш агрегатларини оптимал режимда ишлатиш натижасида 26 миллиард сўм иқтисод қилинди.

Газни ер остида сақлаш омборларида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталадиган бўлсак, газни ер остида сақлаш иншоотларига қарийб 3,5 миллиард  куб метр табиий газ жамлаш режалаштирилган. Айни кунларда “Газли” ҳамда “Хўжаобод” ГЕОСИларига 920 миллион куб  метр табиий газ жамланди. Ҳозирда айни йўналишдаги фаолият давом этмоқда.

Жорий йилнинг май ойида қайта сертификатлаштириш аудитини муваффақиятли якунлаш натижасида “Ўзтрансгаз” АЖ интеграллашган менежмент учун халқаро ва миллий сертификатлаштириш тизимида ISО 9001:2015, ISО 14001:2015, ISО 45001:2018, ISО 50001:2018 стандартлари талабларига мувофиқлиги бўйича сертификатга эга бўлди.

Шунингдек, ўтган олти ой давомида “Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг 98 фоизи, шунингдек, 413 та газ тақсимлаш станцияси, 23 та компрессор станцияси Миллий геоахборот тизимига киритилди.

Жорий йилнинг октябрь ойига қадар Энергия ресурслари ва технологик жараёнлар ҳисобини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизими ҳамда Тезкор диспетчерлик ҳисобини юритиш автоматлаштирилган тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда мавжуд тизим орқали табиий газ 6 технологик параметр бўйича тадқиқ қилинаётган бўлса, юқорида номлари келтириб ўтилган тизимларнинг жорий этилиши айни кўрсаткични 64 тага етказиш имконини беради. Бугунги кунда Энергия ресурслари ва технологик жараёнлар ҳисобини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида тизимдаги 7 та бошқармада жами 318 дона контроллер ва 885 та газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилди.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ харидлар жамият томонидан электрон равишда амалга оширилиб келинмоқда. Натижада субъектив омилларга барҳам берилди.

Маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импорт ҳажмини камайтириш ҳам муҳим масалалардан. Шу сабабли, 2022 йил давомида 16,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги валюта тежалди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида айни кўрсаткич 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.

Шунингдек, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38 миллион киловатт соат электр энергияси кам истеъмол қилингани ҳам бу борада кўрилаётган чоралар туфайлидир.

ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди