Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат ўзбек халқи, балки умумбашарий маданият ворислари бўлган барча халқлар томонидан юксак қадрланади. Унинг “Бобурнома” асари ўнлаб хорижий тилларга таржима қилингани, Бобур тимсолидаги юксалиш даврининг эътироф этилиши, тан олинишидир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Бобур Мирзонинг ҳаёти, фаолияти, ижодини яна ҳам чуқурроқ ва кенгроқ ўрганиш, тарғибот-ташвиқот қилиш, янги манбаларни нашрдан чиқариш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган.

ОАВда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Италияга қилган давлат ташрифи доирасида “Бобурнома”нинг итальян тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтгани ҳақида илгари хабар берилган эди. Айни кунларда Тошкент ва Андижон шаҳарларида Италиянинг “Sandro Tеti Editore” нашри томонидан чоп этилган итальян тилидаги “Бобурнома” китобининг тақдимоти бўлиб ўтмоқда. Халқаро Бобур жамғармаси раҳбари Зокиржон Машрапов раислигида Андижонда бўлиб ўтган тақдимотда мазкур китобнинг дунёга келишида италиялик таниқли туркшунос олим Федерико де Ренси, кириш сўзи муаллифи итальян адиби Франко Кардинининг хизматлари таъкидлаб ўтилди.

“Бобурнома”нинг итальян тилидаги нашри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан очилади. Унда жумладан, шундай дейилган: “Бобурнинг ўлмас ижоди дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Эндиликда уни тенгсиз Петрарка ва Данте, Микеланджело ва Бокаччо тилида ўқиш имконияти туғилганидан мен беҳад мамнунман. Ишончим комилки, “Бобурнома” китобхонларда катта таассурот уйғотади, уларни замонавий глобал жараёнларга, инсоният цивилизациясининг тарихи ва ривожида улуғ шахсларнинг тутган ўрнига янгича қараш билан ёндашишга ундайди”.

– Китобнинг дунё бобуршунослигидаги аҳамияти шундаки, роман француз ва испан тилида бор эди. Португал ва итальян тилига ўгирилмаган эди. Бу иш таржимон Фестори томонидан амалга оширилди, – деди филология фанлари доктори, профессор Хамидулло Болтабоев. – Итальян тилидаги таржимаси “Бобурнома”нинг дунёдаги ўқувчилар аудиториясини кенгайтиради. Биламизки, лотин ёзуви дастлаб Италияда шаклланган. “Рим Папасининг ёзувлари ёки Марко Полонинг хотиралари каби биз итальянлар севиб ўқиймиз” дея таъкидлаган сўз бошида Франко Кардини. Буни нафақат Бобуршоҳга балки ўзбек тамаддунига берилган баҳо деб қараш керак.

“Бобурнома”нинг итальянча нашри бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга. Масалан уни илмий нашр дейиш ҳам мумкин. Чунки Бобурномадаги жуғрофий жой номлари, амалдорлар исмлари, касб-ҳунар, қурол-яроғ ҳатто мевали дарахтлар номларига саҳифа ён ҳошиясида батафсил шарҳ берилган. Яна бир жиҳати шундаки, унда илк бор аксарият Акбаршоҳ даврида чизилган 86 та миниатюралар матн мазмунига мослаб жойлаштирилган.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан олим ва мутахассисларнинг фикрича бундай усул Бобур шахсияти ва ижодини тарғиб қилибгина қолмай балки, ғарб олимларининг шарққа, бугунги Ўзбекистон ва унинг халқига бўлган муносабатини ўзгартиришга ҳам хизмат қилади.

“Бобурнома”нинг итальян тилидаги нашри юзасидан Андижонда илмий-амалий мулоқот ташкил қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Муҳаммаджон Обидов,

 Элёр Олимов (видео), ЎзА