Фоторепортаж
Пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш мажмуида Осиё волейбол конфедерацияси ҳамда Марказий Осиё волейбол ассоциациясининг 2023 йил календарь режасига асосан, 2 та йирик мусобақа ўтказилиши режалаштирилган. Улардан бири ёшлар ўртасида волейбол бўйича Марказий Осиё чемпионати бўлса, иккинчиси 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати ўйинларидир.
Марказий Осиё чемпионатида 5 та мамлакат жамоалари, Осиё чемпионатида эса қитъанинг 20 та давлат терма жамоалари иштирок этиши кутилмоқда.
Кеча ёшлар ўртасидаги Марказий Осиё чемпионати баҳсларига старт берилди. Шу куннинг ўзида мусобақанинг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда Осиё волейбол ассоциацияси, ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, мамлакат волейбол федерацияси мутасаддилари иштирок этди.
Бугун қизлар ўртасида Ўзбекистон-1 ҳамда Ўзбекистон-2, Қозоғистон ва Тожикистон жамоалари ўртасида беллашувлар бўлиб ўтади. Ўғил болалар ўртасидаги баҳслар куннинг иккинчи ярмида ўтказилиши режага киритилган. Унда Эрон-Қозоғистон, Ўзбекистон-Покистон жамоалари ўз маҳоратларини синовдан ўтказадилар.
Ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилаётган Марказий Осиё чемпионати баҳслари 19 июль санасида ниҳоясига етади. 20-30 июль кунлари эса 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА