Варшавада расмий ташриф билан бўлган Президент Юн Сок Ёль Польша Президенти Aнжей Дуда билан юқори даражадаги учрашув ўтказди. Икки давлат раҳбарлари Украинани қайта тиклаш соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.

– Биз Жанубий Корея ва Польша Украинани тиклаш учун мақбул шерик бўлиши мумкинлигига келишиб олдик, – деди Жанубий Корея раҳбари.

У, шунингдек, икки мамлакат етакчилари нормаларга асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилиш учун бир-бирлари билан бирдамликда ишлашга келишиб олганини таъкидлади.

Польша етакчиси Aнжей Дуда қўшма матбуот анжуманида маълум қилишича, сўнгги пайтларда Польшанинг Жанубий Корея билан ҳамкорлиги, айниқса, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик соҳасида сезиларли даражада кенгайди. Ўтган йил товар айирбошлаш ҳажми ўн миллиард доллардан ошган.

Дуданинг сўзларига кўра, Варшава буюртма қилган Жанубий Корея қирувчи самолётлари, танклари ва гаубицалари Польшага етиб кела бошлаган.

У ушбу маҳсулотлар тобора кўпайиб бораётгани ва қўшимча, янги буюртмалар, етказиб беришлар бўлишига ваъда берди. Жанубий Корея ҳарбий техникаси, биринчи навбатда, танклар ҳам Польшада ишлаб чиқарилишига умид билдирди.

ЎзА