Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашуви шанба куни Брюсселда бўлиб ўтишини маълум қилди.

«Шанба куни, 15 июлда Брюсселда Европа кенгаши раиси ва Озарбайжон Президенти билан учрашувимиз режалаштирилган. Мен ўз иштирокимни тасдиқладим», – деди Пашинян ҳукумат мажлисида. У учрашув давомида Боку билан тинчлик шартномаси бўйича олиб борилаётган музокараларда ижобий силжишга эришишга умид билдирди.

2023 йил май ойида Пашинян унинг мамлакати Озарбайжон суверенитетини Қорабоғ ҳудуди билан бирга, умумий майдонини 86,6 минг квадрат километрдан иборатлигини тан олиши ҳақида баёнот берган эди.

Илҳом Алиев мазкур масалага тўхталиб, агар Арманистон ўз позициясини ўзгартирмаса Озарбайжон ва Арманистон тинчлик шартномасини яқин келажакда имзолаши мумкин, деган эди.