“Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, фестивалнинг ташкилий ишчи гуруҳи аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этди.

Маълумки, Бобур юрти Андижоннинг энг хушманзара гўшаси Хонобод шаҳрида шу йилнинг 18-20 июль кунлари “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали бўлиб ўтади. Фестиваль ташкилий ишчи гуруҳи ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Элёрбек Холмирзаев, фестиваль ташкилий ишчи гуруҳи раҳбари Фарҳод Жўраев, Маданият ва туризм вазирлиги бўлим бошлиғи Фарруҳ Юнусов томонидан фестивалнинг мақсад ва вазифаси, унга тайёргарлик доирасида амалга оширилган ишлар, ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар ва тартиблар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумот берилди.

– Фестиваль энг аввало, юртимизнинг ўзига хос санъати, маданияти ва анъаналарини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, туристик имконият ва салоҳиятини намоён этишга хизмат қилади, – дейди фестиваль ташкилий ишчи гуруҳи раҳбари Фарҳод Жўраев. – Қолаверса, халқимиз дунёга машҳур санъаткорлар ижодидан баҳраманд бўлади. Хусусан, фестивалда Россия, Чехия, Болгария, Латвия, Польша, Греция, Сербия сингари дунёдаги 20 дан ортиқ давлатларнинг эстрада санъати гуруҳлари, хонандалари иштирок этади.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан фестивалга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Фестиваль иштирокчиларининг хавфсизлиги, жамоат тартибини сақлаш, йўл, транспорт, меҳмонхона, овқатланиш масалалари қандай ҳал этилганлиги, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш мақсадида Хонобод шаҳридаги оммавий тадбирлар ўтказиладиган барча ҳудудларга, йўл ва чорраҳаларга кузатув камералари ўрнатилганлиги, матбуот маркази, Wi-Fi интернет зонаси ташкил этилганлиги, хорижий меҳмонларни кутиб олиш, уларга ҳамроҳлик қилиш учун гид ва волонтёрлар гуруҳлари шакллантирилганлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, хавфсизликни таъминлаш, тирбандликлар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда аҳолига қулай бўлиши учун Андижон шаҳридан Хонобод шаҳрига махсус таксилар, автобуслар ташкил этилиши қайд этилди. Фестиваль давомида хорижий санъаткорларнинг чиқишлари Хонобод шаҳрининг марказий маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган иккита катта майдонда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардан ташриф буюрган ижодий гуруҳ ва санъаткорлар эса ўзлари учун белгиланган жойларда уч кун давомида концерт дастурларини намойиш этади.

Фестиваль доирасида хориждан ташриф буюрган ва юртимизнинг таниқли санъаткорлари иштирокида маҳорат дарслари, бадиий дастурлар ўтказилиши кўзда тутилган.  Бундан ташқари, хориждан ва юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар учун қатор туристик йўналишлар бўйича саёҳатлар ташкил этилади.

Анжуманда мутасадди ва масъуллар журналистларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (фото),

ЎзА