Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов “Semurg Insurance” суғурта компаниясининг кузатув кенгаши раиси Георгий Лавришев билан учрашди.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги суғурта тизимининг амалдаги ҳолати ва мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида суғурта хизматларини оммалаштириш, илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда ҳосилни суғурталаш тизимини такомиллаштириш зарурияти хусусида фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида бугунги кунда иқлим ўзгариши, об-ҳавонинг аномал исиши ва совиши натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига жиддий зарар етаётгани, бунинг оқибатида фермер хўжаликлари раҳбарлари, деҳқонлар ва томорқа ер эгаларининг маҳсулот етиштиришга бўлган иштиёқи пасаяётгани ҳамда суғурта компанияларига ишончи камайиб бораётгани таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, республикада 34 та суғурта компанияси фаолият кўрсатаётган бўлса-да, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилининг суғуртаси билан ҳеч бири шуғулланмаслиги айтиб ўтилди.
Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги суғурта тизими ривожланаётган Озарбайжон, Туркия ва Испаниянинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш ва аниқ таклифлар тайёрлаш мақсадида ушбу мамлакатларга ташрифлар амалга оширилгани таъкидланди.
М.Комилова,
ЎзА