Шу кунларда дунёнинг энг кучли сузиш спорт тури усталари Япониянинг Фукуока шаҳрида ўтказиладиган ХХ жаҳон чемпионати баҳсларига ҳозирлик кўрмоқда. Эртага бошланадиган жаҳон чемпионатида спортчилар 75 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боради.
Мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари чемпионат дастуридан ўрин олган очиқ ҳавзада сузиш ва синхрон сузиш мусобақаларида ўз имкониятларини синовдан ўтказишга шай турибди.
Айни пайтда жаҳон чемпионати тадбирларида иштирок этаётган Ўзбекистон сузиш федерацияси матбуот котиби Шавкат Жалилов ЎзА мухбирига мусобақа тафсилотлари хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Кунчиқар юртга етиб келган спортчиларимиз бугун мусобақа олдидан тайёргарлик машғулотларини ўтказмоқда. Тажрибали мураббий Саида Искандарова бошчилигида жаҳон чемпионатида қатнашаётган спортчиларимиз мусобақа ўтказиладиган очиқ сув ҳавзасида қарийб икки соат давомида тайёргарлик машқларини бажаришади. Очиқ сув ҳавзасида сузиш бўйича ўтадиган жаҳон чемпионатида 4 нафар спортчимиз юртимиз шаънини ҳимоя қилади. Хотин-қизлар мусобақасида Паризода Искандарова ҳамда Анастасия Зелинская стартга чиқса, эркаклар ўртасидаги баҳсларда Вячеслав Шкретов ва Никита Корнилов медаллар учун кураш олиб боради. Мусобақа олдидан спортчиларимизнинг кайфияти аъло. Улар ўта кучли рақобат остида кечиши кутилаётган баҳсларда имкон қадар юқори натижаларни қўлга киритишни мақсад қилишган.
Чемпионат баҳслари эртага, 14 июль куни бошланса, ҳамюртларимиз дастурга биноан 15 июль куни баҳсларга киришади. Шу куни икки нафар спортчимиз хотин-қизлар ўртасида 10 километр масофага сузиш мусобақасида қатнашади. 16 июль куни худди шу масофага эркаклар ўртасида мусобақалар ўтказилади.
18 июль куни 5 километр масофага эркаклар ва аёллар ўртасида мусобақалар ташкил этилади. Шу куни тўрт нафар спортчимиз совринли ўринлар учун кучлилар билан баҳслашади. Шунингдек, 20 июль кунги сузиш мусобақаларида ҳам ҳамюртларимиз совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА