Норвегия ҳукумати Украинага мингта учувчисиз учар аппарат мажмуасини беришга қарор қилди, дея хабар тарқатди қироллик мудофаа вазирлиги.

– Украина аввал тақдим этилган, мамлакатимиз Қуролли кучлари ва Мудофаа илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида яратилган разведка дронларимиздан мамнун, – деган мамлакат мудофаа вазири Бьорн Арильд Грам.

– “Black Hornet” номли қурилма Норвегияда ишлаб чиқарилмоқда. Таъкидланишича, Украина ҳукумати ушбу қурилмаларни қуролли зиддиятда фойдаланиш учун сўраган.

“Teledyne FLIR” компанияси томонидан яратилган, жаҳон бозорида етакчи ҳисобланадиган бу дрондан қатор иттифоқчи мамлакатлар, жумладан АҚШ, Буюк Британия фойдаланмоқда.

Аппарат разведка ва нишонни аниқлаш мақсадида ишлатилади. Норвегия армияси берган маълумотга кўра, бошқарилиши жуда осон, айниқса, шаҳар шароитида жанговар ҳаракатда анчайин қўл келадиган ушбу учоқ ташқи таъсирга чидамли, парвоз пайтида мазкур дронни аниқлаш мушкул.