Хитойлик хакерлар АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Пекинга июнь ойидаги сафаридан бир неча ҳафта олдин Давлат департаменти электрон ёзишмаларини қўлга киритишга уринган, дея хабар тарқатди «New York Times».
Исми сир тутилган мансабдор шахс газетага маълум қилишича, почтани бузиб кириш ҳолати бўйича тергов давом этмоқда. Манбалар берган маълумотда келтирилишича, хакерлар махфий маълумот қўлга кирита олишмаган, чунки улар электрон почтанинг махфий тизимига кира олмаган.
Таъкидланишича, хакерлар Хитой ҳарбий тизими ёки разведкасига алоқадор. Президент Жо Байден маъмурияти вакили айнан қайси мансабдор шахс ҳужум нишонига айлангани бўйича изоҳ беришдан бош тортган.
Хабарда таъкидланишича, Департамент ҳужум юз берганини 16 июнда аниқлаган ва ўша куниёқ бу ҳақда «Microsoft»ни хабардор қилган. Компания маълум қилишича, почтани бузиб киришга уриниш май ойида бошланган экан.