Мисрнинг Искандария шаҳрида замонавий бешкураш бўйича ўсмирлар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг саралаш басҳларидан муваффақиятли ўтган ҳамюртимиз Самира Абзалова финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Самира Абзалова чемпионатнинг “А” гуруҳидаги квалификация мусобақаларининг қиличбозлик ва тўсиқлардан сакраш йўналишида 250 очкодан, сузиш дастурида 243 ҳамда лазер-ран йўналишида 484, жами 1227 очко жамғаришга муваффақ бўлди.

Спортчимиз эришган ушбу натижа чемпионатда қатнашаётган “В” гуруҳ вакилларининг очколари билан таққослаганда саралаш босқичидаги тўртинчи кўрсаткич сифатида қайд этилди.

Энди Самира 15 июль куни жаҳон чемпионати финал босқичида медаллар учун кураш олиб боради.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА